Print this page

ҚАМРОВ ЮЗ ФОИЗГА ЕТКАЗИЛАДИ

ҚАМРОВ ЮЗ ФОИЗГА ЕТКАЗИЛАДИ

     Учқудуқ туманида 3 7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчага қамровини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг турли шакллари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали.
     Эътиборли жиҳати, ҳозирда туманда 32 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 15 таси уй боғчалари ҳисобланади.
     Бугун яна бир ана шундай уй-боғча «Навоий» маҳалласида фойдаланишга берилди. «PARVINA» деб номланган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 30 нафар кичкинтойни ўз бағрига олди.
     Муассасанинг очилиш маросимида Навоий вилояти прокурори Бахтиёр Аҳмедов, Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевлар иштирок этиб, ҳурматли Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ, овул ва туманларига бераётган эътибори, соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.
      -Бугун фаолияти йўлга қўйилаётган уй-боғча олтинчиси бўлиб, маҳалламиз болалари учун улкан совға бўлди, - дейди маҳалла фаоли Ойдин опа Собирова. - 4 нафар опа-сингилларимиз доимий иш ўрнига эга бўлишгани янада қувонарли.
Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Муассасада инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолият олиб боради.
     -Оилавий боғчаларнинг қулайлиги кўп, - дейди биз билан суҳбатда Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими мудири Нигора Амонова. - Биринчидан, хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олишингиз мумкин. Фақатгина бу соҳада етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.
      Маълумот ўрнида Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3669 нафари ёки бўлмаса 98,6 фоизи давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.
     — Ўғлим Нуржан шу боғчага қатнаяпти, — дейди ота-оналардан бири К.Алдамуратов. — Муассаса уйимизга яқин ҳудудда жойлашган, замонавий кўринишга эга, тарбиячилари малакали, ширинсўз. Энг муҳими, бу ердаги шароитлар — ўйин майдончаси, машғулотлар хонаси ва дам олиш хоналари талабларимизга мос. Буларнинг бари фарзандларимизнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишига хизмат қилади.


Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

O'qilgan: 782 bora