LOTIN-КИРИЛЛ

   Ёшлар бандлиги – бу давлат аҳамиятига молик масала, чунки айнан ёшлар мамлакат кадрлар салоҳиятини ташкил қилади.
Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг долзарб ва узоқ муддатли вазифаси саналади. Масаланинг ана шу муҳим жиҳати эътиборга олиниб, Учқудуқ туман ҳокимлиги, туман адлия бўлими ташаббуси билан “Учқудуқ” маданият уйида битирувчи ёшлар билан туман раҳбарларининг учрашуви ўтказилди. Унда барча корхона-ташкилот ва муассаса мутасаддилари ҳамда Шимолий кон бошқармаси раҳбарлари иштирок этди.
    Жорий ўқув йилида Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ҳамда Учқудуқ саноат техникумини 669 нафар ёшлар 20 та касб ва мутахассисликлар бўйича битирмоқда. Бўлиб ўтган учрашувда 500 нафардан ортиқ битирувчи ёшлар иштирок этди.
Очиқ, ошкора, самимий мулоқотлар асосида ўтказилган учрашувда Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, туман прокурори Р.Рахматов, туман ИИБ бошлиғи А.Райханов, ШКБ директори Н.Ахатовлар томонидан корхонада ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, битирувчи ёшларни ишга жойлашишида кўмаклашиш, ёшларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва уларга яратиб берилаётган қатор имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Икки соатдан ошиқроқ вақт давомида ўтказилган очиқ мулоқотларда ёшларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
   -Амалиётни мутахассислигим бўйича 3-сонли Гидрометаллургия заводида ўтадим, корхонадаги “устоз-шогирд" анъанаси асосида устозимдан кўп нарсани ўргандим. Бу ерда ишлаш менга ёқди. Дипломни олгач, шу корхонада ишлашни ният қилдим, - дейди Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Азизбек Рафиқов.
   Учқудуқ санот техникуми битирувчилари Малика Ҳасанова, Шоҳруҳ Ҳаётовлар ҳам амалиётни ўтаган Шимолий кон бошқармасида ҳам ишлаб ҳам ўқишни олий таълим муассасаси сиртқи бўлимида давом эттиришни мақсад қилган.
Ҳа, бугунги ёшларнинг мақсади аниқ! Улар пухта билим эгаллаб етакчи куч бўлиб, мустақил ҳаётга кириб келишмоқда. Ана шундай ёшлар ўз салоҳияти, иқтидори билан юртимиз тараққиётини мустаҳкамлашда таянч ва суянч бўлади, дейишга тўла асосларимиз бор.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги аҳолини рўйхатга олиш иштирокчиларини 2023 йилда асосий аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур картографик материаллар билан таъминлайди.

    2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш учун картографик материаллар ўз ичига қуйидагиларни олади:

   Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий хариталари;

туман ва шаҳарлар маъмурий-ҳудудий хариталари;

шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва маҳаллаларнинг схематик режалари.

   Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг ташкилий режаси (кейинги ўринларда — ташкилий режа) ҳудудий комиссиялар томонидан туманлар (шаҳарлар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида тузилади.

   Рўйхатга олиш участкаларининг чегаралари ҳар бир рўйхатга олиш участкасига тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 8 750 киши ва шаҳарларда ўртача 11 250 киши) ҳисобга олган ҳолда маъмурий-ҳудудий бўлиниш яхлитлигини (туман ёки шаҳар даражасида) сақлаш шарти билан белгиланади.

Рўйхатга олиш участкалари ҳар бир инструкторга тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 1 750 киши ва шаҳарларда ўртача 2 250 киши) ва аҳоли пунктидаги аҳоли зичлигини ҳисобга олган ҳолда инструкторлик участкаларига бўлинади.

   Инструкторлик участкалари ҳар бир рўйхатга олувчига тўғри келадиган юкламадан (қишлоқ жойларда ўртача 350 киши ва шаҳарларда ўртача 450 киши) келиб чиқиб ҳисоб участкаларига бўлинади.

   Ҳудудий комиссиялар ва республика комиссияси қарорига асосан бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда ҳисоб участкасидаги аҳолининг сони ўртача 250 нафардан иборат бўлиши мезон сифатида олинади.

   Айрим ҳолларда участкаларни тузишда рўйхатга олувчига тўғри келадиган ўртача юклама белгиланган нормалардан кам ёки кўп бўлиши мумкин.

   Ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкалари сонидан келиб чиқиб рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар сони аниқланади.

   Ташкилий режани тузишда кўзда тутилмаган ҳолатларни (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкаларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар умумий сонининг 10 (ўн) фоизи миқдорида иш ҳақи тўланмаган ҳолда кадрлар захираси шакллантирилади.

   Кўзда тутилмаган ҳолатлар юзага келганда рўйхатга олиш жараёнларига захирадан жалб этилган ходимларга белгиланган тартибда иш ҳақи тўланади.

   Туман ва шаҳарлар бўйича тайёрланган ташкилий режалар туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармаларига тақдим этилади.

   Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича тайёрланган ташкилий режалар ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади ва Қўмитага тақдим этилади.

    Ҳудудлар бўйича тузилган ва тасдиқланган ташкилий режалар умумлаштирилган ҳолда тасдиқлаш учун республика комиссиясига киритилади.

   Рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш, ҳудудлар даражасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилади.

   Ҳудудий ички ишлар органлари томонидан 2023 йил сентябрь ойидан кечиктирмаган ҳолда жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий комиссияларга тақдим этилади.

   Олинган маълумотлар рўйхатга олиш ва ҳисоб участкалари бўйича гуруҳланади ҳамда рўйхатга олувчиларни ушбу манзиллар тўғрисида хабардор қилиш учун рўйхатга олиш участкалари бошлиғи ёки уларнинг ўринбосарларига тақдим этилади.

                                                                                                               Туман статистика бўлими

 

    Навоий давлат педагогика институтида “Фаол фуқаролар ҳафталиги” доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, Адлия, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари ҳамкорлигида “Аёлларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

   Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган қонунлар, уларнинг ҳаётига дахлдор бўлган янгиликлар, берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақидаги маълумотларни етказиш мақсадида  ташкил этилган тадбирда хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, тадбиркорлик, илмий, ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

    Бугунги кунда Навоий вилоятида хотин-қизлар сони 518 минг 416 нафарни ташкил этади. Вилоятдаги 10 та нодавлат нотижорат ташкилоти хотин-қизларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича фаолият кўрсатмоқда. 

    – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсадларида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 бараварга камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Илҳом Сатторов. – Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш кўзда тутилган.

   Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш сиёсатини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. 

   Давра суҳбатида “Тўмарис” ҳамда “Согдиана” нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг яхши лойиҳалари тақдимотини ўтказди. 

   13-17 июнь кунлари бўлиб ўтадиган “Фаол фуқаролар ҳафталиги” доирасида форум, давра суҳбати, мунозара, теле-муҳокама, тренинг, марафон, жамоатчилик муҳокамаси форматидаги ўнга яқин тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, илк бор Экофорум ташкил этилиши кутилмоқда

Абдували Бўриев, ЎзА

 

 

   2022 йил учун секторлар раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг янги тизими жорий этилмоқда.

   Унга кўра, баҳолашнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат.

▪️ ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлиги бўйича статистик кўрсаткичлар йиғиндиси;

▪️ ёшлар етакчилари фаолияти самарадорлиги бўйича статистик кўрсаткичлар йиғиндиси;

▪️ хотин-қизлар фаоллари фаолияти самарадорлиги бўйича статистик кўрсаткичлар йиғиндиси;

▪️маҳаллаларда содир этилган жиноятлар тўғрисидаги статистик маълумотлар (48 турдаги маҳаллада содир этилган жиноятчиликни ўтган йилга нисбати); 

▪️сектор раҳбарларининг шахсий ташаббускорлиги билан амалга оширилган ишлари (йўл қуриш, ичимлик суви билан таъминлаш, газлаштириш, ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари ва бошқа); 

▪️туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарларининг соҳавий хизмат фаолияти самарадорлигининг баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотлар; 

▪️туман (шаҳар) аҳолиси ва МФЙ раисларининг секторлар фаолиятидан қониқиш даражаси бўйича сўровнома натижалари; 

▪️ секторлар раҳбарларининг билимини ilm.argos.uz платформаси орқали синовдан ўтказиш натижалари билан шакллантирилади.

 

   Бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш борасида кенг кўламли ислоҳатлар олиб борилмоқда.

   Хусусан, Ўзбекистон Республикасида юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларининг тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрель куни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрсида”ги Қонуни қабул қилинди.

   Жорий йилнинг 13 июнь куни Учқудуқ туманида жойлашган “Иссиқлиқ манбаи” ДУК ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган семинарда ушбу қонун мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

   Эндиликда, Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ вақтинча тўловга қобилиятсизлик аломатлари деганда агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги, доимий тўловга қобилиятсизлик аломатли деганда эса агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса тушунилиши мумкинлиги, бунга қадар амалда бўлган қонун талабига кўра, корхона тегишли тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида бажармаса ва унга нисбатан билдирилаётган талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз баравари бўлганида унга нисбатан тугатиш таомили қўлланилар эди.

   Қонуннинг амалга киритилиши тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини беради. 

   Бундан ташқари қарздор жисмоний шахс, кредитор, шунингдек давлат солиқ хизмати ва бошқа ваколатли органлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрсидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкинлиги, шунингдек Қонуннинг 14-боби 2023 1 январдан эътиборан амалга киритилиши ҳақида маълумотлар берилди.

    Учқудуқ туман иқтисодий 

    суди раиси Х.Турсунов 

 

   Гиёҳвандлик бу ҳақиқий манқуртлик! Бу шундай оғуки, унинг таъсирида инсон онги ва хулқида салбий ўзгаришлар содир бўлиб, ҳаёти дўзахга айланади. Киши бир бор гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилдими, тамом ўз-ўзидан унга тобе бўлиб қолади. Бу эса, шак-шубҳасиз, дўзах сари йўл демак.

   Ҳаётда биринчи марта гиёҳванд модда қабул қилаётган одамлар ўзларини шундай оқлайдилар: "Мен шунчаки татиб кўраман холос.... Эҳтимол чиндан ҳам бир маротаба "мазаси"ни кўриш билан кифояланар, лекин кўп ҳолларда бунинг акси бўлади: яна бир марта, яна бир марта, яна... яна...

   Бу "тобелик" эса, "қора бозор"дан "нон топиш" илинжидаги кимсалар учун айни муддао. Чунки уларнинг "мол"ига қанча харидор кўпайса, шунча яхши.

   Ислом Умаров, Собир Қурбонов ва Ғайрат Алимов (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ана шу жирканч йўлни танлашди. Аслида Ғайрат икки марта, Собир эса бир марта жиноят содир этиб судланишган. Ақли paco киши бу вазиятда аллақачон тузалиш йўлига ўтиб, ҳаётига мазмун киритган бўларди. Бу икки кимса эса "қоронғида топишган кўрлар" мисол пана-панада кўришиб наша савдосини авж олдириб юборишди.

   - Ғайрат, анавидан борми? - сўради кунларнинг бирида Ислом шеригига қўнғироқ қилиб, бир ишончли одам кўп миқдорда сўраëтганди... Бизга ҳам яхшигина улуш қолади, дейман-да... Ҳозир у билан уйингга ўтамиз...

   Уйга эмас гаражга бораверинглар. Ўша ерда кўришамиз.

   Ғайрат айтган манзилга етиб борганида, Ислом нотаниш икки йигит билан турарди. Салом-аликдан сўнг Ислом танишидан 10 000 АҚШ доллари пул олиб, унга узатди. Ғайрат эса пулларини киссасига жойларкан "ҳозир чиқаман", деганча рўпарадаги Собирнинг уйига кириб кетди. Дам ўтмай иккита целлофанда нимадир кўтариб чикди. - Мана, ака, айтганингиздек "тозаси"!

   Бу Ғайрат учун ҳам унинг жиноий шериклари учун ҳам тузоқ эди. Улар буни рўпарасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари пайдо бўлганидагина англашди. Холислар иштирокида иккита целлофан очиб кўрилганда, унда бўлакларга бўлинган 0,5 кг. миқдори даги "героин" борлиги маълум бўлди.

   Суд бўлди. Учала ҳамтовоқ ҳам суд ҳукми билан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Мақола суд материаллари асосида Р.Қодирова томонидан тайёрланди.

 

   Ҳар йилгидек бу йил ҳам ёзги оромгоҳлар болажонларни ўз бағрига олиб, уларни ота-онадек асраб, тинч-ҳотиржам мазмунли дам олиб, уларни ота-онаси бағрига эсон - омон қайтишларини истайди. 

   Шунга таяниб ёзнинг жазирама иссиқ кунларида Учқудуқлик болажонларимиз ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказишлари, саломатликларини мустаҳкамлаштиришлари йўлида Шимолий кон бошқармасининг «Сармиш» болаларни соғломлаштириш оромгоҳида мавсум давомида 660 нафар болажонлар ёзнинг илиқ кунларини мазмунли ва мароқли ўтказишлари режалаштирилган. 

   Оромгоҳда мавсум даврида болалар хавфсизлигини таъминлаш йўлида соҳа ходимлари томонидан барча шарт-шароитлар яратилди ва бу йўналишдаги ишлар давом эттирилиб келинмоқда.     

   Оромгоҳнинг мавсумга тайёрлаш, унда ёнғин хавфсизлигини тўла таъминлаш мақсадида ШКБ ОЁХТТЭБ П ва НБ инспекторлари ва 6-Ёнғин қутқарув қисми ходимлари фаол иштирок этишди. Бунда асосан, Оромгоҳни мавсумга тайёрлаш ишларини олиб бораётган НКМК “ЖАМҒАРМА” ДМ Учқудуқ ҲБга қарашли корхоналарининг ишчи-хизматчилар билан ёнғинларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш мавзуларида давра сухбатлари ва йўриқномалар ўтказилди. Ундан ташқари оромгоҳнинг барча бино ва иншоотлари бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан тўлиқ таъминланиб, ўзида ёнғин хавфсизлиги қоида-талабларини тарғиб этган ҳар-хил кўринишдаги эслатмалар билан таъминланди.

   «Яхши дам - меҳнатга ҳамдам» деб бежизга айтмаган халқимиз. Келажак авлодларимиз бўлмиш фарзандларимиз ёзги таътилни оромгоҳларда мароқли ўтказиб, яхши баҳолар билан ўқишларини давом эттиришлари учун албатта уларга барча шароитларни яратиб беришимиз лозимдир.

Жамшид Эгамов катта лейтенант

Даврон Асадов сержант

                                                           ШКБ ОЁХТТЭБ инспекторлари


 

  Йигирма етти йил тарих учун қисқа, лекин инсон ёки корхона ҳаётида навқирон, айнан кучга тўлиб, муваффақиятларни қўлга киритишни бошлаган даврини англатади. 

  Шимолий кон бошқармасига қарашли 3 - сонли Гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилганига 27 йил тўлди. Заводнинг шонли солномаси мустақилликнинг илк давридан бошланади. 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3-сонли Гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш оламшумул воқеага айланди. Ана шу кундан бошлаб Учқудуқ олтини давлатимиз хазинасига етказилиб берилаётир.

  Завод жамоаси ўтган даврда шарафли йўлни босиб ўтди. 2005 йилда “Кокпатас”, “Даугизтау” конларидан қазиб олинаётган сульфидли маъданни қайта ишлашга мўлжалланган мажмуа қурилиши бошланди. BIOX деб номланган янги мажмуанинг биринчи навбати 2008 йилда, иккинчи навбати 2012 йилда ишга туширилиши билан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 34 фоизга ошди. 

   2012 йилда сорбцион технологиясида сорбентнинг янги тури – фаоллаштирилган кўмирга ўтиш ишлари амалга оширилди. Қисқа муддатда кўмирни десорбциялаш, электролизлаш ва реактивизация қилиш бўлинмаси қурилди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда юз бераётган ислоҳотлар янги сифат босқичига кўтарилганлигини завод ҳаётидаги туб бурилишларда ҳам яққол кўриш мумкин. 

  Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан Навоий кон-металлургия комбинатида 2017-2026 йилларда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган дастурлар доирасида 3 - сонли Гидрометаллургия заводида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. “O'zgeorangmetliti” институти ҳамда Германиянинг “Injiniring Dobersek” компанияси ҳамкорлигида “Кокпатас” ва “Даугизтау” олтин конлари маъданларини қайта ишлаш технологиясини янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилди. 2019 йилда 114 миллион Евро миқдоридаги маблағ эвазига бунёд этилган юқори технологик мажмуа – фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи фойдаланишга топширилди. Мажмуани лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларида иштирок этган комбинатимиз муҳандис-технологлари, олимлари кон-металлургия саноатида катта ўзгаришларни бошлаб беришди. 

  Юқори технологик ечимларга эга ушбу мажмуа заводнинг олтинга бой маъданларни қайта ишлаш имкониятини оширди. Янги лойиҳа амалга ошиши эвазига қўшимча 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бугун заводда дунё кончилик амалиётидаги ноёб ва мураккаб технология – сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш орқали олтин ажратиб олиш самарали эканлиги ўз исботини топаяпти. 

  Келажакда заводнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ҳар бир цехни сўнгги технологиялар билан қайта жиҳозлаш вазифаси доимо устуворлик касб этаётир. Флотация цехининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида флотация занжирларининг биринчи ва иккинчи сонли назорат қилиш блокларидаги “RCS” аэроционли, яъни ҳаво тақсимлагич мажмуалари замонавий “RIF” мажмуасига алмаштирилди. Пировардида занжирлардаги флотацион қурилмалар илк бор сўнгги авлод технологиялари асосида қайта тикланди. 

Биооксидлаш жараёнида бўтана кўпикларининг реакторлардан тошиши муаммо бўлиб келаётган эди. 3 - сонли Гидрометаллургия заводи муҳандисларининг жиддий изланишлари самараси ўлароқ, сўндириш тизими ишлаб чиқилиб, муаммога чек қуйилди. Сорбция жараёнида суюқликдан олтинни ажратиб олиш схемаси такомиллаштирилди ва кенгайтирилди. Ишлаб чиқаришда қайта ишланган флотация чиқиндиларини қуюқлаштириш жараёни такомиллаштирилди.  

2019-2020 йилларда майдалаш схемаси ўзгартирилиб цикллараро флотация чиқиндилари учун гидроциклон қурилмалари монтаж қилинган. Бундан ташқари, иккинчи босқич майдалаш жараёнининг 10 Гр-8Л насослари ишлаб чиқариш қуввати каттароқ бўлган 10 Гр-7Т насосларига алмаштирилди.

  Буларнинг ҳаммаси майдалаш цехининг кунлик ишлаб чиқариш қувватини 21-22 минг тоннагача оширишга имкон берди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдаги Навоий кон-металлургия комбинатида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар дастури, шунингдек 2015-2019 йилларда тузилмавий ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ, Кокпатас ва Даугизтау конларининг сульфидли маъданларидан олтинни ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш инвестицион лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосида 3-сонли Гидрометаллургия заводида янги комплекс қурилиш ишлари бошланди. Бу патентланган технологияни саноат ишлаб чиқарилишига жорий этиш имконини берди.

  Ушбу инвестицион лойиҳанинг мақсади – олтин ишлаб чиқариш заводлари чиқиндиларини янги технология асосида қайта ишлаб, қўшимча маҳсулот олишдир. Лойиҳанинг аҳамияти юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эришиш яъни, энерго-ресурсларнинг тежамкорлиги, экология талабларига жавоб берадиган замонавий чиқинди газларни тозалаш тизими, мукаммал автоматлаштирилган бошқариш тизими, таннархи арзон тайёр маҳсулот олишдан иборат. 

Янги мажмуанинг ишга туширилиши – хомашёдан фойдаланиш самарадорлигини 18 фоизга, ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни эса 17 фоизга оширди.

2021 йилда заводнинг технологик жараёнларида бир неча ўзгаришлар олиб борилди. Жумладан, флотация чиқиндилари ва нейтралланган маҳсулотларнинг қуюлтириш жараёнларида ўзгаришлар натижасида, чиқиндига кетадиган сувларнинг бир қисмини технологияга қайтаришга эришилди. Бунинг натижасида 2021 йилда 1,5 млн. м. куб сув тежалди.

Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехида куйдирилган маҳсулотни кислота билан ишлов бериш схемаси ишга туширилди. Бу эса сорбциялаш жараёнида куйдирилган маҳсулотдан олтинни ажратиб олиш даражасини 3% га оширишга имкон берди.

Кўриб турганингиздек, заводнинг технологик жараёнини такомиллаштириш, Кокпатас ва Даугизтау конларида олтингугуртли маъданларни жалб қилиш, технологик ускуналарни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда. 

Заводнинг ривожланиши ҳеч қачон тўхтамаган. Янги технологиялар доимий равишда ишлаб чиқилмоқда ва жорий қилинмоқда. Бу эса маъданни қайта ишлаш ҳажмини, олтинни ажратиб олиш даражасини ва ярим тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш кўрсаткичларини йилдан-йилга оширишга замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Янгидан қайта ишлаш қувватларининг мунтазам ишга туширилиши ва технологияни такомиллаштириш бўйича доимий иш олиб борилиши бугунги кунда маъданни қайта ишлаш заводининг йиллик унумдорлигини 6 баробарга, олтинни ишлаб чиқариш ҳажмини эса 4,6 баробарга оширишга сабаб бўлди.

Замонавий технологияларни жорий этиш асосида маҳсулот ҳажмини кўпайтира бориш баробарида ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ҳам завод раҳбариятининг диққат марказида бўлмоқда. Барча участкаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг кучи билан завод ҳовлиси ва атрофида бунёд этилган фавворалар корхона ҳудудига алоҳида кўрк бағишлаб турибди. Корхона ҳудудида 500 ўринли ошхона фойдаланишга топширилган. Бу ерда иккита овқатланиш зали ва хизмат хоналари мавжуд. Объект қурилиши ва жиҳозлантирилишига 6,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. 

Заводда ишчи-ходимларга қулайликлар яратиш давом эттирилиб, бунёд этилган муҳташам атриумда уларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Катта-кичик фавворалар, жонли табиат бурчаклари ишчи-ходимларнинг унумли меҳнатдан кейин ҳордиқ олишларига хизмат қилади. Яна бир қулайлик, атриумга LED экран ўрнатилган бўлиб, цех ва бўлинмалардаги иш жараёнидан ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этиб борилади. 

3авод мутахассислари, оддий касб эгалари орасида шундай инсонлар борки, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан жамоанинг фахрига айланишган. Майдалаш цехи бошлиғи Бекзод Хусанов, ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи Сухроб Кузиев, бош механик Зоҳиддин Ғаниев, биооксидлаш цехи бошлиғи Бобур Эшпўлатов, бош муҳандиснинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Шахобиддин Аҳмедовлар шулар сирасидан. 

Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи пульт бошқаруви оператори Муҳиддин Саидовнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб баҳоланиб, давлат мукофоти “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани, барча ходимлар меҳнатига берилган эътироф дейиш мумкин. Шунингдек, йирик майдалаш цехи конвейер машинисти Байназар Куанбаев, майдалаш цехи чилангар-таъмирловчиси Наурызжан Жорабеков, майдалаш цехи тегирмон машинисти Шерали Ҳақназаров, майдалаш цехи электргазпайвандловчиси Шамсиддин Мухаммедовлар “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонининг тўла кавалерларидир.

Автотрактор техникасини ишлатиш ва таъмирлаш участкаси бошлиғи Алмас Пирмаханов, сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулотлар цехи бошлиғи Бахтиёр Қандахаров, технологик жиҳозларни таъмирлаш участкаси бошлиғи Жаббор Хўжақулов, юк кўтариш механизмларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш участкаси кран-машинисти Ильина Анжелика, меҳнатни ташкил этиш ва иш ҳақи бўлими муҳандиси Зулфия Носкова, қуйилтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехи реагентларни дозаловчи Элмурод Шарипов, кимёвий ҳимоя ишлари ва ишлаб чиқаришни тайёрлаш участкаси бошлиғи Нағашибек Қуттимуратов, майдалаш цехи чилангар-таъмирловчиси Азамат Ёдгоров, майдон ичкариси муҳандислик тармоқлари участкаси бошлиғи Асқад Жўраевлар “НКМК фахрийси” шарафли номига сазовор бўлишган. 

Аҳил жамоанинг фидокорона меҳнати эвазига заводда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Эътиборли жиҳат, бу йил ҳам корхона ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари завод ишга туширилганлигининг шонли санасини муносиб меҳнат ютуқлари билан кутиб олмоқдалар. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилнинг беш ойида қуйидагича бўлган, маъданни қайта ишлаш режаси 100,9 % га, ярим тайёр маҳсулотни ажратиб олиш даражаси 100,1 % га ва ярим тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш режаси 101,8 % га бажарилган.  

Мухтасар айтганда, корхонанинг 27 йиллиги келгусида янги, юксалиш даврини бошлаб беради.

Қадрли ҳамкасблар! Барчаларингизни заводимизнинг муборак 27 йиллик шодиёнаси билан қизғин муборакбод этаман. Оилавий бахт, хотиржамлик, хонадонларингизга қут-барака, фарзандлар ва неваралар камолини кўриш бахти насиб этишини тилайман. Олдинда аҳил жамоамизни катта вазифалар, улуғвор режалар, нурли манзиллар кутиб турибди. Келгусида ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз, ҳамжиҳатлигимиз билан юксак довонларни ҳам забт этишимизга ишончим комил! 

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз олтин корхонанинг олтин одамлари!

 

Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,

3-сонли гидрометаллургия заводи директори.

    Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судида судья Акмал Курбонов раислигида судланувчи М.А.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди.

   Ўзбекистон Республикаси “Ўзбек геология қидирув” АЖнинг “Кокпатас” дала геология қидирув экспедициясида масъул лавозимда ишлаб келаётган М.А. “Кокпатас” дала геология қидирув экспедициясига тегишли 2 дона апораларни Учқудуқ шаҳридаги металлом базага топшириш ўрнига ўз эҳтиёжлари учун сотиб ишлатишни режалаштириб оғир юк машинасига юклаб олиб кетишга тайёргарлик кўраётган пайтда ихтисослашган милиция ходимлари томонидан ушланади. Операциянинг ярим йўлда бундай якун топишини истамаган судланувчи НКМК АЖ ШКБ ходими О. С.га воситачилигида пора беришни режалаштиради.

   О.С. эса М.А.нинг ҳаракатлари ноқонуний эканлигини билиб, ДХХнинг Учқудуқ шаҳар бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

   Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Учқудуқ бўлими томонидан ДХХнинг Учқудуқ бўлими ходимлари ҳамда ИИБнинг Учқудуқ бўлими ходимлари билан ҳамкорликда О. С. нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда М.А.га нисбатан 2-сон ИИБ тезкор ходими Феруз Отамуродов томонидан 2021 йил 24 декабрь куни “НКМК” АЖ ШКБ “ГМЗ-3”га қарашли участка ҳудудидан 8 метр узунликдаги юқори кучланишли электр линиясини кўтариб турувчи металл устунларни талон-торож қилиш ҳолати юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатларни ижобий ҳал қилиб, бости-бости қилиб беришлиги эвазига, “НКМК” АЖ ШКБ ходими О.С. воситачилигида унга 1000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.

   Суд М. А.ни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб унгаЎзбекистон Республикаси ЖКнинг
211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 1 (бир) йил
6 (олти) ой муддатга давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

    Президент 7 июнь куни «Реклама тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги. У Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 28 декабрда, Сенат томонидан эса 2022 йил 17 мартда маъқулланган.

    Ҳужжатга кўра, эндиликда мактабгача таълимда (боғча) ҳамда тарбияда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган босма нашрларда (дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва бошқаларда) товарлар реклама қилинмайди. Шунингдек, ️нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш ҳам таъқиқланмоқда.

    Болаларга ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш ҳам таъқиқланади. Бу уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар билан боғлиқ.

    Қолаверса, бундан кейин миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланилмайди.

    Қонунга мувофиқ, вояга етмаганларнинг ишончини ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишдан ҳимоя этиш мақсадида рекламада, жумладан, қуйидагилар тақиқланади.

   хавфли вазиятларда, шу билан бирга уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлигига зарар етказишга ундовчи вазиятларда вояга етмаганларни намойиш этишдан фойдаланиш;

   ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш;

  вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш.

    Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши тақиқланади. Мазкур тартиб 17 март куни сенаторлар томонидан маъқулланганди.

    Телеканаллар эфирида, теле-, видео-, кинохроникали дастурларда тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг 1 соати давомида 20 фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг 15 фоизидан ошиши мумкин эмас. Ушбу талаб фақат реклама теледастурларига ихтисослаштирилган телеканалларга нисбатан татбиқ этилмайди.

    Давомийлиги 10 дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

    Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач (тахминан 7 сентябрдан) кучга киради.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: