
Hokimiyat matbuot xizmati
27 июль куни Ўзбекистон—Mercy Corps ташкилоти АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) маблағ билан таъминловчи «Ўзбекистонда таълим ва болалар учун озиқ-овқат Макговерн-Доул халқаро дастури» доирасида Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига таяниб «Gazeta.uz» хабар берди.
«Бюджети 21,5 миллион долларга тенг ушбу дастур 400 дан ортиқ мактабгача таълим муассасасини озиқ-овқат билан таъминлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 245 та қишлоқ ва кам таъминланган мактабгача таълим муассасасидаги 90 минг нафар бола учун овқатланиш ва таълим олишни такомиллаштириш учун қўшимча инфратузилмани ривожлантиришни кўзда тутади», — дейилади элчихона хабарида.
Мазкур маблағ мактабгача таълим муассасаларини кундалик озиқ-овқат билан таъминлаш, саводхонлик даражасини ошириш, ўқитувчилар ва тиббиёт ҳамшираларини ўқитиш, мактабгача таълим муассасалари, жумладан, синф хоналари, ошхона ва жамоат ҳожатхоналарини таъмирлаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.
Дастур 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун сифатли таълим олишни кенгайтириш бўйича ҳукуматнинг таълим секторига оид режасини (2019—2023 йиллар учун) қўллаб-қувватлайди.
«Бу, айниқса, COVID-19 Ўзбекистон ва бутун дунёда болаларнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатаётган бир пайтда жуда муҳимдир. Мактабгача таълим муассасаларида юқумли касалликлар тарқалишини бартараф этиш учун ушбу дастур санитария ва гигиена ҳолатларини яхшилаш ҳамда тегишли андаза ва амалиётларни қўллаш бўйича ўқитувчилар, тиббиёт ҳамширалари ва ошпазларни ўқитишни кўзда тутади», — дейилади хабарда.
АҚШ элчихонаси вакилларининг таъкидлашича, мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг тўлақонли овқатланиши ота-оналар учун ўз болаларини мактабгача таълим муассасаларига қайта юбориш учун энг самарали рағбатлантирувчи омиллардан бири ҳисобланади.
«Дунёдаги барча болалар қаторида Ўзбекистондаги болажонларга ҳам давом этаётган COVID-19 пандемияси салбий таъсир қилмоқда. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борадаги ҳамкорликка қўшилиши саломатлик ва санитария ҳолатини янада яхшилашга имкон беради. Биргаликда ҳаракат қилиб, биз мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом ва хавфсиз бўлишларини таъминлашимиз мумкин», — дея қайд этади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениел Розенблюм.
«Кичик ёшдан саводхонлик асосларини ўрганиш келажакда академик ва касбий муваффақиятга эришиш эҳтимолини оширади. Болаларни уйда ва мактабгача таълим дастурлари доирасида эрта ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар умрбод уларни ўқишдаги муваффақиятга тайёрлаши мумкин», — дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.
2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилиш бўйича қуйидагилардан иборат композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.
Тиббиёт бирлашмаси ходими вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириб, «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан, перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда ФҲДЁ органига юборади. Бунда, вафот этганлик тўғрисидаги тиббиёт маълумотномаси вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга қоғоз шаклида берилиши ва улар тўғридан-тўғри ФҲДЁ органига мурожаат қилиши ҳам мумкин.
ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида шахснинг ўлимини «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимида қайд қилиб, QR-код орқали тасдиқлайди.
Ҳукумат қарори (470-сон, 28.07.2021 й.) билан Миллий гвардия харбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, Миллий гвардия харбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни ҳарбий хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида етказилган тақдирдагина қопланади.
Зарар ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиқиш учун Миллий гвардия органларида комиссиялар тузилади.
Шунга кўра, харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошлари зарар ўрнини қоплаш учун Миллий гвардия органлари раҳбарига билдирги (ариза) билан мурожаат қилади.
Зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги масала 10 кун ичида, қўшимча ҳужжатларни ўрганиш талаб этилганда эса 20 кун ичида кўриб чиқилади.
Комиссия қарори 3 кун муддатда манфаатдор шахсларга – харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилади.
Комиссия қарори қабул қилингач, Миллий гвардия органлари томонидан 10 кун муддатда манфаатдор шахсларга – харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилган зарар қоплаб берилади.
Учқудуқ туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг 2021 йил I-ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Мазкур иш режасига мувофиқ ишлар ташкил этилди.
Сайёр қабуллар тасдиқланган график жадвалга асосан тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси билан ҳамкорликда 4-сектор раҳбарлари бошқа алоқадор идоралар билан биргаликда жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 37 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, ўтказилган сайёр қабулда жами 410 та тадбиркор ва тадбиркорлик қилиш истагини билдирган фуқаролар иштирок этиб, 126 та мурожаат қабул қилиниб “business.gov.uz” порталига киритилиб, тегишлилиги бўйича масъул корхона ва ташкилотларга юборилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида қабулхонага 218 та мурожаатлар (шундан 227 та масалалар) келиб тушган ва ижрога олинган. Мурожаатларнинг 189 таси (83,3%) ижобий ҳал қилинди, 38 тасига (16,7%) тушунтириш берилган, 100% барча мурожаатлар кўриб чиқилган бўлиб Тадбиркорлар мурожаатлари Бош вазир қабулхонасининг “business.gov.uz” порталига киритилиб, тегишлилиги бўйича масъул корхона ва ташкилотларга юборилиб, қаноатлантириш чоралари кўрилди.
Тумандаги Бош вазир қабулхонаси томонидан 2021 йил утган даврида "UCHQUDUQ ISMIGUL ISLOM" хусусий корхонаси раҳбари Ашурова Комила Қодировнанинг мурожаатидан сўнг, Болалар учун хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил этиш мақсадида 84 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратишда амалий ёрдам берилди.
Шунингдек, "BARAKA CHORVA KLASTER UCHQUDUQ"масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мардонов Фахриддин Исломовичнинг мурожаатидан сўнг Йилқичилик билан шуғулланиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида 245 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилиши таъминланди.
Ҳозирда мурожаатларнинг аксаряти “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури дирасидаги имтиёзли кредитлар, ер, кадастр, архитектура ва қурилиш, инфратузулма масалалари, солиқ масалалари бўлиб, тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан кўриб чиқилган мурожаатларни даражаси бўйича туман, вилоят ва респулика даражасидаги масалалар ижобий хал қилинишида амалий ёрдамлар бериб келмоқда,
Ҳурматли, тадбиркорлар, тадбиркорлик қилиш истаги бор фуқаролар ва чет эл инвесторлар туман Бош вазир қабулхонаси тадбиркорлик фаолиятини бошлашингизда тўсиқ ва муоммоларингизни ечишда ва ўз бизнесингизни бошлаш учун тавсия ва масалаларга ечимлар топиш учун мурожаат қилишингиз мумкин.
Мурожаатлар учун Манзилимиз: Давлат хизматлари маркази биносида жойлашган. Тел: 79 593-51-39
Қабулхона мудири: Ҳайдаров Иномжон Нўмонқулович
Камида 5 йил иш стажига эга ходимларини 2021/22 ўқув йилида давлат ОТМларининг сиртқи ва кечки таълим шаклига ўқишга тавсия этиш ҳуқуқига эга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхати тасдиқланди.
Рўйхатдаги ташкилотлар тизимида ишловчи ходимлар имтиҳонсиз, суҳбат натижаларига кўра, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилиши мумкин.Рўйхатдаги ташкилотлар 2021/22 ўқув йили учун 100 нафаргача талабгорга тавсиянома беришлари мумкин.
Тизимда асосий иш жойи сифатида 5 йилдан кам бўлмаган муддатда фаолият юритаётган ходимларга тегишли вазирлик, идора ёки йирик хўжалик бирлашмасининг асосий фаолиятидан келиб чиқиб, тавсиянома ташкилотнинг шахсан биринчи раҳбари томонидан берилади.
Суҳбат натижаларига кўра сиртқи ва кечки таълим шаклига ўқишга тавсия этилган талабгорнинг ўқиши (сиртқи таълим шакли учун 5 йил, кечки таълим шакли учун 4 йил) учун тўлов-контракт маблағлари ишлаб турган муайян ташкилот томонидан тўлаб берил
ади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар дастлаб “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 2021 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитди.
Фракция аъзолари Давлат дастури ижроси муҳокамасида партия мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим соҳасида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратди.
– ЎзМТДП ташаббуси билан мактабларда “Тарбия” дарси жорий қилинди ва партия бу фан бўйича етук мутахассисларни тайёрлаш масаласини ҳам кўтарган эди, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров. – Олий таълимда ушбу фан бўйича бу йилдан бошлаб мутахассислар тайёрлаш ҳам кўзда тутилган эди. Аммо бу йилги қабул жараёнидан кўриняптики, амалда бу вазифа бажарилмади. Тегишли вазирликлар буни қандай изоҳлайди?
Олий таълим вазирлиги вакили бундай мутахассисларни тайёрлаш бўйича бу йил қабул бўлмаганини очиқ айтдию, лекин сабабини аниқ изоҳлай олмади. Халқ таълими вазирлиги вакили эса вазирлик ўз имкониятларидан келиб чиқиб, янги дастурга мос равишда ўқитувчилар малакасини ошираётганини маълум қилди. Табиийки, фракция аъзолари бу жавоблардан қониқмади.
Депутатларнинг таъкидлашича, “Тарбия” фани бўйича махсус мутахассислар тайёрланмас экан, яъни унга иккиламчи фан сифатида қараш давом этар экан, бу йўл билан мақсадга эришиб бўлмайди. Чунки бу фан профессионалликни талаб қилади. Тегишли вазирликларнинг жавобидан маълум бўлдики, бу фан бўйича етук мутахассисларни тайёрлашда бир йил йўқотилди. Йиғилишда “Миллий тикланиш” бу масала билан жиддий шуғулланишда давом этиши, керак бўлса, парламент эшитувини ташкил қилиши алоҳида қайд этилди.
Фракция аъзолари, шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш ҳамда бошланғич таълим ўқув дастурларининг ўзаро узвийлигини таъминлаш чораларини кўриш белгиланган бўлса-да, жойларда бу борадаги ишлар қониқарли ташкил этилмаганлигини танқид остига олди. Ҳукумат вакиллари ҳар иккала масала бўйича ўз муносабатини билдириб, ижросини назоратга олишини билдиришди.
Фракция йиғилишида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимча киритишга оид қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Covid-19” юқиш даражасини пасайтириш ва ижтимоий иммунитетни ташкил этиш мақсадида аҳолини вакцинация қилиш ишларини жадаллаштириш таклифи билдирилган эди. Таъкидлаш жоиз, ушбу таклифдан келиб чиқиб, тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги кўзда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининнг қабул қилиниши натижасида коронавирус инфекцияси янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади. Юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.
Мутахассислар томонидан бугун бу офатдан ҳимояланишнинг ягона йўли эмланиш экани таъкидланаётган бўлса-да, фуқароларнинг вакциналарга бўлган ишончсизлиги оқибатида шу пайтгача 1 миллион 27 минг киши эмланган, холос. Бу 18 ёшдан ошган аҳолининг 4,8 фоизини ташкил қилмоқда. Жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эса аҳолининг 60-80 фоизи эмланиши талаб этилади. Хитойда вакциналарга бўлган ишонч 90 фоиз, Бразилияда 80, Ҳиндистон, Индонезия ва Таиландда 70, Туркия ва Мексикада эса 60 фоизни ташкил этмоқда. Франция, Греция, Австралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда мажбурий вакцинация амалиёти жорий этилган.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг айни кундаги аҳамияти ҳамда касаллиликнинг юқумлилик кўлами ошиб бораётганлигини эътиборга олиб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллади.
Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони йил бошидан бери қанчага ошгани маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони 34,9 миллион кишини ташкил этмоқда. Доимий аҳолининг ўсиш суръати 101,9 фоизга тенг. Мамлакатимиз аҳолиси йил бошидан ҳар ойда ўртача 50,2 минг кишига кўпайган.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,7 минг кишига ошган.
Келгуси йилнинг бошидан ўзбекистонликлар ID-карта ва хорижга чиқиш паспортини туман (шаҳар) ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари билан бир қаторда Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам олишлари мумкин. Ушбу янгилик Шавкат Мирзиёев томонидан 24 июль куни имзоланган “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда акс этган.
Ҳужжатда қайд этилишича, 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришни, шу жумладан, Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш йўлга қўйилади. Ушбу таклиф Адлия, Молия, АКТ ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари томонидан илгари сурилган.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб:
– чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади;
– Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга оширилади;
– лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун қонунчилик ҳужжатларида миллий валютада белгиланган тўловлар БҲМнинг 10 фоизигача миқдорда белгиланади (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки БҲМнинг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно). Бунда, QR-код қўйилган лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатларини бериш учун тўлов ундирилмайди.
Маҳаллий экспортчиларга хориждан маҳсулот олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан тўғри сотишга рухсат берилади
Ҳукумат қарорига асосан хорижий хомашё ва материалларни божхонада расмийлаштириш талабларини соддалаштириш мақсадида 2021 йил 1 августдан бошлаб:
- божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилади;
- тадбиркорлик субъектига четдан хомашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилади;
- маҳаллий экспорт қилувчиларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан тўғри сотишга рухсат берилади.
Ер участкаларини хусусий секторга мулк ҳуқуқи билан бериш тартиби кучга киради
Президент фармонига асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш ва улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинади.
Шунингдек, фармонга асосан Вазирлар Маҳкамаси истисно тариқасида, фақат қуйидаги ҳолларда ер участкаларини тўғридан тўғри ижарага беришга ҳақли бўлади:
- қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига — Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;
- агросаноат кластерларига — ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;
- энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун — лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилганда;
- чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга — ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда.
Давлат бошқаруви органларининг хизмат автотранспорт воситалари уларнинг раҳбарларига шахсан бириктирилади
Ҳукумат қарори билан хизмат автотранспорт воситалари:
- республика давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига;
- республика давлат бошқаруви органлари тизимидаги ташкилотларда ҳамда уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади.
Шунингдек, республика давлат бошқаруви органларида хизмат мақсадларида давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа автотранспорт воситалари хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 августдан бошлаб янги типдаги давлат рақами белгилари билан қайта рўйхатдан ўтказилмаган хизмат автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.
Ҳудудлардаги нодавлат таълим ташкилотларининг бинони ижарага олиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
Президент қарорига асосан 2024 йил 1 январга қадар нодавлат таълим ташкилотлари томонидан таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Ушбу тартиб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган ва таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотларга татбиқ қилинмайди.
Давлат харидлари соҳасида ўтказиладиган тендер натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш йўлга қўйилади
Президент қарори билан шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлаш) натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилади.
Чиқиш туризми бўйича айрим лицензия талаблари жорий этилади
Ҳукумат қарорига кўра, чиқиш туризми йўналиши бўйича туроператор ва турагент фаолиятини амалга ошириш учун қуйидаги лицензия талаблари жорий этилади:
- туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги;
- 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;
- Барча давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимда тўлаш имконияти тақдим этилади.
Президент фармонига асосан электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида жисмоний ва юридик шахсларга барча белгиланган давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда онлайн режимда тўлаш имконияти тақдим этилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча ҳужжатларни ЯИДХП орқали ҳам тақдим этиш имконияти яратилади
Ҳукумат қарорига асосан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатларни ЯИДХП орқали ҳам тақдим этиш имконияти яратилади.
Ҳомиладор аёлларни комплекс кузатиш бўйича ягона тизим жорий этилади
Президент қарорига кўра, ҳомиладор аёлларни комплекс кузатиш бўйича ягона тизим жорий этилиб, унда қуйидагилар назарда тутилади:
- ҳомиладор аёлнинг комплекс кузатуви ягона маълумотлар базасини яратиш;
- перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмалар томонидан ягона маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритиш, шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг тиббий картасини юритиш;
- шаклланган маълумотларга асосан ҳомиладор аёлларга зарур маслаҳатларни бериш.
Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади
Президент қарори билан Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади. Аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш ҳамда зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш тизимнинг асосий мақсадларидан бири этиб белгиланган.
Давлат суд-экспертизаси муассасаларининг фойдаланилмайдиган бинолари суд экспертлик билан шуғулланадиган хусусий шерикларга ижарага берилади
Президент фармонига кўра, давлат суд-экспертизаси муассасаларининг фойдаланилмайдиган биноларини (корпусларини) суд экспертлик фаолиятини амалга ошириш шарти билан хусусий шерикларга ижарага тақдим этиш тизими жорий этилади.
Ассалому алайкум азиз тумандошлар!
Ҳурматли Президентимизнинг: “Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак!” деган пурмаъно сўзлари халқ давлат идораларига эмас балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак - иш тизимининг пировард мақсади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз!
Бу сўзларини ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳар бир чиқишларида таъкидлаб ўтадилар.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон яхши яшаши, ҳаёти гўзал мазмун касб этиши — олий қадрият. Чунончи, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу эзгу мақсад ва муддаога қаратилган.
Ўз навбатида, халқ билан мулоқот қилиш — одамларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш, турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда “Маҳалла – сектор – халқ қабулхонаси” тизимининг жорий этилганлиги албатта ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Шу билан бирга, сектор раҳбарлари олдига эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш бўйича “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” тизими ҳамда иқтисодий идоралар билан биргаликда “маҳаллабай” ишлаш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва “ҳудудларни ихтисослаштириш” тизимлари жорий этилиб, аҳолини қийнаётган муаммо ва масалалари бўйича хонадонбай, фуқаробай ишлаш тизимлари ташкил этилган.
Бу борада шуни айтишни лозимки, қисқа давр ичида ҳурматли Юртбошимиз томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок эта олмаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уларни хар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир нечта Фармон ва Қарорларининг қабул қилинганлиги янада кенг имкониятларни яратиб бермоқда.
Учқудуқ туманини ижтимоий-иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари таҳлили қуйидагича, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш 100,2 фоизга ёки 108,2 млрд. сўм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102,6 фоизга ёки 238,3 млрд. сўм, қурилиш ишлари 105,2 фоизга ёки 59,4 млрд. сўм, чакана савдо айланмаси 102,9 фоизга ёки 326,5 млрд. сўм, хизматлар ҳажми 104,5 фоизга ёки 196,2 млрд. сўмга ўсиш кузатилди.
Бугунги кунда туманда аҳолини энг кўп қийнаётган муаммолар бу коммунал соҳа ва бандлик масалалари бўлиб, аҳоли мурожаатларининг 70 фоизини ташкил қилади.
Аҳолининг турмуш шароитларини янада яхшилаш мақсадида 2017-2020 йиллар давомида 28,8 км ичимлик сув қувурлари тортиш ва реконструкция қилиниши натижасида 5 та аҳоли пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ушбу даврда 10 км электр тармоқлари реконструкция ва модернизация қилиниб, электроэнергия таъминоти масаласи тўлиқ ечилди. Шунингдек, 18 км автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолини хусусий уй-жойлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Учқудуқ туманида ҳам сўнги беш йилда
10 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди. Натижада кўп қаватли уй-жойлар қурилиши 100 фоизга ошди. 30 нафарга яқин оилалар уй-жой билан таъминланди.
Бироқ, афсуски яратиб берилган шунча имкониятларга қарамасдан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги барча маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларидаги фаолиятимизни қониқарли деб бўлмайди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари жойларда аксарият ҳолларда кечиктирилмоқда.
Туман ҳокимлиги масъуллари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш учун ажратиладиган дастлабки 15 кунлик муддатда эмас, балки кўп ҳолатларда 30 кун ва ундан ортиқ бўлган муддатларгача чўзиб, шунда ҳам оддийгина "мурожаатларни тезроқ ёпиш" учун тушунтириш бериш билан чекланган ҳолда ёпиб юборилмоқда. Бунинг оқибатида фуқаролар тинимсиз юқори турувчи идораларга, ёки мутассадиларга қайта – қайта мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Айрим корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари эътиборсизликка, масъулиятсизликка йўл қўймоқдалар. Ёки фуқаролар мурожаатини оддий бир ходимга ишониб топширмоқдалар.
Мурожаатлар, шу жумладан, такрорий мурожаатлар сони ортиб бораётганининг сабаблари нимада?
Бунинг асосий сабаби, биринчи галда, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни аҳоли қатламларига тўлақонли етказиб бера олмаётганимизда, тарғибот-ташвиқот ишларининг сустлигидадир.
Шу билан бирга, мен бошчилигимда сектор раҳбарлари, масъуллар, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг ўз ишига етарли даражада масъулият билан ёндашмаётганида, муаммонинг ичига кирмай, фақат “тушунтириш берилди”, “назоратга олинди” қайдлари билан билан, масалани “ёпиб” келаётганидадир. Оддий қилиб айтганда ишлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилмаганида.
Бироқ энди бундай “хўжакўрсин”ликка, эътиборсизликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.
Бу борада куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида олдимизга устувор вазифалар белгилаб берилди.
Биринчи галда, одамларимизни мурожаат қилишга энг кўп мажбур қилаётган тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни маҳалланинг ўзида бартараф этиш режасини ишлаб чиқишимиз зарур.
Бугундан бошлаб, мен бошчилигимда сектор раҳбарларининг фуқароларни кунлик қабули улар учун қулай бўлган жойларда ташкил этилади.
Шунингдек, аҳоли тўғридан-тўғри туну - кун мурожаат қилиши учун туман ҳокимининг ижтимоий тармоқларда алоҳида “Учқудуқ халқ мурожаатлари”, “Сизни ҳоким эшитади” ва “Учқудуқ – 24” каналлари ташкил этилган. Ушбу бот каналларга аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатлар ижросини тезкорлик билан ечишни таъминлаш қатъий назоратга олинади.
Бир ҳафта муддатда ҳал қилинмаган ва такрорий мурожаатларни “секторбай” таҳлил қилиб, ҳар куни энг оғир секторларга чиқиш орқали мавжуд муаммоларни қонун доирасида ҳал қилиш чоралари кўрилади.
Ўтган 6 ойда Халқ қабулхоналарига бандлик ва тадбиркорлик масалалари бўйича келиб тушган аксарият мурожаатларни қонун доирасида тўлиқ ҳал қилиш имкониятлари мавжуд.
Яъни, маҳалла ва овулларда яна бир мурта хатлов ўтказиб, аниқланган ишсиз фуқароларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, бизнес лойиҳаларини тайёрлашга кўмаклашиш, кредит ва субсидия ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш амалга оширилади.
Азиз хотин-қизлар!
Бугунги кунда Шалхар, Мингбулоқ, Алтинтау овуллари, Дўстлик, Навоий маҳаллаларида кичик-кичик тикувчилик цехлари ташкил этилган. Лекин ушбу цехлар тўлиқ қувватда ишламаяпти. Мазкур янгидан ташкил қилинган цехларни тўла қувватда ишлаши таъминланади.
Шунингдек, ҳар бир ташкилот ва бўлинма ўз йўналишида, энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга сабаб бўлаётган омилларни мунтазам бартараф этиб бориши зарур.
Мисол учун, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш, бандлик, кредит масалалари билан боғлиқ мурожаатлар камайгани йўқ.
Шу боис, ҳар бир йўналиш бўйича бир ой муддатда тизимли муаммоларни қонун доирасида ҳал этиш ва мурожаатларни барчасини қонуний ечимини топиш бўйича йўл хариталар ишлаб чиқилади. Ҳар бир фуқаро мурожаати йўл харитага киритилади ва ижросини таъминлаш чоралари кўрилади.
Бугундан бошлаб, ҳар бир сектор ва тизим раҳбари бир ой давомида ҳудудларга чиқиб, фуқаролар билан учрашади ва уларнинг муаммоларини қонуний ҳал қилиш чораларини кўради.
Азиз учқудуқликлар!
“Сабр этган – муродга етган” дейди доно халқимиз.
Шунинг учун, амалдаги тартиб қоидалардан келиб чиқиб, мурожаатлар бериш кетма-кетликга риоя қилсак, ишимиз янада яхшиланар, вақтимиз ҳам тежалар эди.
Хусусан, Сизлардан муаммо ва таклифлар бўйича аввало, яшаб турган маҳаллангизга, ундан кейин муаммо ҳал бўлмаган тақдирда секторларга, туман халқ қабулхоналарига мурожаат қилишингизни, бу тизимларда ҳал бўлмаган мурожаатларни эса туман ҳокими, яъни Менга, шундан сўнг юқори даражадаги давлат идораларига мурожаат этишингизни илтимос қилардим.
Зеро, Шоирлар султони Алишер Навоий бобомиз айтганидек,
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Бугун биз барча тизим ходим ва мутассадилари халқ манфаати, унинг розилиги учун хизмат қилишга, муаммоларни қонун доирасида ечимини излаш ва ҳал қилишга бел боғлаганмиз.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир”.
Биз учун фақат масъулият балки дунёда обрў ва нуфузи тобора ортиб бораётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш даврида фаолият юритаётганимиз учун улкан фахр ва ифтихор ҳамдир!.
Эътиборингиз учун ташаккур.