
Hokimiyat matbuot xizmati
бу ҳақда бугун ёшлар билан ўтказилган учрашувда айтилди
Мамлакатимиз ҳаётида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Жойларда ўтказилаётган ёшлар билан учрашувларда улар томонидан янгидан-янги ташаббус-ғоялар илгари сурилмоқда-ки, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда ёшларнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этаётир.
Бугун Учқудуқ туманида ўтказилган “Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” да ҳам кўплаб, креатив ғоялар илгари сурилди.
Учрашувда вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Аҳмедов, туман ҳокими Соли Хамроев, ШКБ директори ўринбосари, сенатор Баҳодир Шарипов, туман сектор раҳбарлари, корхона-ташкилот бошлиқлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда ОАВ вакилари иштирок этди.
Тадбир аввалида “КЕLАJАК” ёшлар марказида ташкил этилган кутубхона, тил ўрганиш синфлари ҳамда ўнга яқин спорт тўгараклари фаолияти, ҳунарли ёшлар томонидан ишлаб чиқарилган буюмлардан иборат кўргазма билан танишдилар.
Учрашувнинг иккинчи асосий бўлимида учқудуқлик ёшлар билан сектор раҳбарларининг мулоқоти ўтказилди. Унда ёшлар ўзларини қизиқтираётган соҳалар бўйича таклиф ва талабларини очиқ, ошкора ўртага ташладилар.
Жумладан, Учқудуқ саноат техникуми талабаси Асел Асембаева тарихий музей ташкил этиш, Феруза Султонова, Шахзод Абдуллаевлар тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида ўз таклифларини билдирди.
Шунингдек, Севара Эшқуатова қўлда гилам тўқиш ҳунарини ўзлаштиргани, тенгдошларига ҳам устоз-шогирд асосида гиламчиликни ўргатишни мақсад қилганини, лекин Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими маблағ ажратмаётганлигини айтиб мурожаат қилди. Ҳунарманд қизнинг бу мурожаати шу ернинг ўзида кўриб чиқилди ва ижобий ечимини топди.
Иш излаётган Ж.Рахмонов, Б.Рахмоновлар бандлик масаласида мурожаат қилиб, уларга эгаллаган мутахассисликлари бўйича 1 ой муддатда бандлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилиши билдирилди. 2 нафар фарзандни ёлғиз тарбиялаётган Д.Кулатованинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, “Йўлчилар” ОФЙ га ҳақ тўланадиган жамоат ишига юборилди. Кейинчалик доимий иш билан таъминлаш масаласи назоратга олинди.
-Ўз лойиҳасига эга, камида 3 та ишчи ўрини ярата оладиган ёшга НКМК ШКБ томонидан ҳозирда фойдаланилмай бўш турган “Аптека” биносидан текинга жой ажратилади, - деди ШКБ директори ўринбосари, сенатор Баҳодир Шарипов. - Тикувчилик билан шуғулланмоқчи бўлганларга эса тикув машинкалари бепул берилади. Шу орқали юзлаб учқудуқлик ёшлар нафақат ишли бўлишади, балки ўз бизнесларини ривожлантиришда маблағга эҳтиёж сезишмайди.
“Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” да иштирок этган 41 нафар “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларга ишга жойлашишлари учун сертификатлар топширилди. Уларнинг 21 нафари Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги турли корхона ва ташкилотларга ишга йўллама олди. 20 нафар ишсиз ёшлар эса ҳудуддаги хусусий корхоналар ва бюджет ташкилотларига ўз мутахассисликлари бўйича ишга юборилди.
-Мен адабиётга қизиқаман, келгусида журналист бўлмоқчиман, – дейди 20 – умумий ўрта таълим мактабининг 10 – синф ўқувчиси Гуласал Ризақулова. - Ёшларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган бахтиёр замонда яшаяпмиз, давлатимиз томонидан яратилган улкан имкониятларни оқилона англаган ҳолда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишимиз шарт.
Бугун Учқудуқда ўтказилган учрашувда иштирок этган ёшлар мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигига яна бир бор амин бўлдилар.
Райҳон Қодирова,
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.
Аҳоли даромадларини ошириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш Учқудуқ туман прокурори Р.Рахматовнинг касб-ҳунар мактаби залида ташкил этилган сайёр қабулида муҳим аҳамият касб этди.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, электр, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган қабулда бу ерга ташриф буюрган 21 нафар фуқаролар Учқудуқ туман прокурори томонидан қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди.
Аксарият мурожаат яъни 15 нафар фуқаро бандлик масаласида, 3 нафари кредит олишда амалий кўмак сўраб, 1 нафари соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам ва тиббий йўлланма ҳамда 2 нафари ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилган.
Жумладан, иш масаласида мурожаат этган Барно Ражабова, София Бегимбетовага “Иссиқ нон” ХК ишга йўлланма берилган. Мохира Абдуллаева, Ижобат Утаназарова, Дилфуза Сохибовалар эса Шимолий кон бошқармасига, Шахноза Норова, Мадина Ходжиева “Порлоқ юлдузчалар” МТТ ишга жойлашадиган бўлди.
Шунингдек, Гулсанам Барнова, Иззатой Ҳайдароваларга хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этишда ҳуқуқий маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатилди. Фотима Муродова, Норбодом Махмудовага кредит ажратилишида амалий кўмак кўрсатиладиган бўлди.
Жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб, оммавий қабул жараёнида 16 нафар шахсларнинг мурожаатлари жойида қаноатлантирилиб, қолган 5 та мурожаатлар шахсан Учқудуқ туман прокурори назоратига олинди.
Озод МИРЗАЕВ,
туман прокурори ўринбосари.
Бугун туман ҳокимлиги катта мажлислар залида олтинчи чақириқ халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги 23-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, масалага алоқадар корхона-ташкилот раҳбарлари, суд - ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сессия ишида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Шамуратов иштирок этди.
Мажлисни туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.
Депутатлар сессия кун тартибида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури ижросини туманда амалга оширилиши, камбағалликни қисқартириш бўйича 2020 йилги манзилли дастур ижроси ва жорий йилла белгиланган устувор вазифалар ва бошқа кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, жиноий, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судлари томонидан 2020 йилда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 11-моддасига ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасининг 14 февралдаги хатига асосан, мактаб директорлигига номзодлар Ш.Муродова, М.Расулов, Ш.Бафоеваларнинг йиллик дастурлари эшитилди.
10-умумий ўрта таълим мактаби директорлигига Шаҳноза Муродова энг яхши деб топилиб, энг кўп - 10 та овоз билан мактаб директори лавозимига тавсия этилди.
Сессия кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
Сарвиноз НОСИРОВА,
халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзМТДП депутати.
Ўзбекистонда пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда, деб хабар беради Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ахборот хизмати.
Унга кўра, ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи бериш ва иш стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби назарда тутилган. Мазкур тизим амалиётга жорий этилса, уй бекаси бўлган аёл келажакда пенсия олиш имкониятига эга бўлади.
Қонун лойиҳасида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда:
- 2005 йил 1 январдан аввалги давр учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасида (электрон меҳнат дафтарча)ги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш. Бунда 2021 йил 1 июндан бошлаб янги пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш татбиқ этилиши;
- ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи бериш ва иш стажига қўшиб ҳисоблаш. Мазкур тизим амалиётга жорий этилса, оилада бола парвариши ва бошқа юмушлар билан банд бўлгани ёки турмуш ўртоғининг хоҳишига асосан ишламаган турмуш ўртоғини келажакда пенсия билан таъминлаш имконияти;
- пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинлаш ва тўлаш. Бунинг натижасида фуқароларга доимий ёки вақтинча рўйхатга олинган турар жойи бўйича пенсия (нафақа) тайинлаш ва тўлаш учун мурожаат қилиш имконияти яратилади;
- уч йил ва ундан аввал тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсиялар текширилишига ҳамда пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланганлиги аниқланган ҳолатларда ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолишга йўл қўймаслик;
- фуқаронинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсияларни уни олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга тўлиқ ой учун тўлаш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаслиги тўғрисида хабар берилганди.
Ўзбекистонда бепул эмланадиган аҳоли тоифаси маълум қилинди.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Ўзбекистонда биринчи навбатда коронавирусга қарши вакцина олувчилар рўйхати кенгайгани ҳақида маълум қилди. Унинг маълум қилишича, журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимлари, жамоат транспорти ходимлари (метрополитен, темир йўл, аэропорт ходимлари), чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, меҳнат мигрантлари ҳам кетма-кетликда эмланади.
Нурмат Отабековнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, юқорида саналган барча тоифадаги фуқароларни эмлаш бепул амалга оширилади.
«Глобал жамғарма томонидан олиб келинадиган вакциналар бепул. Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқарадиган ва сотиб оладиган вакциналар хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламига бепул асосда амалга оширилиши бўйича ҳукумат раҳбарининг топшириғи бор. Агар аҳамият берган бўлсангиз президентимизнинг парламентга мурожаатида 2021 йилда коронавирусга қарши курашга 3 трлн сўм маблағ ажратамиз, шу жумладан, вакцинация учун деб таъкидлаганлар. Юқорида саналган хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли бепул эмланади», дейди у.
Қайд этилишича, айни пайтда Ўзбекистонда 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари амалга ошириб келинмоқда ва мамлакат эмланиш даражаси етакчи давлатлар қаторида деб баҳоланган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш кунларини ўтказиш бўйича тайёргарлик тадбирлари ўтказилиб, уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида мутахассислар бириктирилган. «Совуқлик занжири»га риоя қилган ҳолда янги коронавирусга қарши қўлланадиган вакциналарни қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва маъмурий ҳудудларга етказиш чоралари кўрилган, жойларда малакали мутахассислардан иборат штаблар ташкил этилган. Эмлаш пунктларида, ҳаракатдаги ва мобил бригадаларда, эмлашдан сўнг ножўя реакциялар аниқланганда шошилинч ёрдам кўрсатиш учун шифохоналар шай ҳолатга келтирилган.
Отабековнинг таъкидлашича, эпидемиологик ҳолат қанчалик барқарор бўлса ҳам, эмлаш амалга оширилса ҳам ҳали бепарволикка берилиш керак эмас. Шунингдек, ижтимоий масофа сақлаш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилиш лозим.
- Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишланган йиғилишда коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Айни вақтда оммавий эмлаш тадбирлари март ойида бошланиши кутилмоқда.
- 16 феврал куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассиси Вазира Муталова Ўзбекистонда 4 млн 112 минг 668 нафар аҳоли биринчи навбатда эмланиши ҳақида маълум қилди. Бу тоифага касаллик юқиш хавфи жуда юқори бўлганлар: 65 ёш ва ундан юқори ёшли кексалар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликка чалинганлар, ўқитувчилар, мактабгача таълим муассасаси ходимлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари кириши айтилганди.
- 17 феврал куни Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилгани, ушбу вакцинадан 1 млн доза ҳамда учинчи босқич синовлари Ўзбекистонда ўтказилган Хитой вакцинасидан 1 млн доза харид қилиниши ҳақида маълумот берди.
Одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш орқали улар розилигига эришиш бугун давлатимиз сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Халқимизни ташвишга солиб келаётган муаммоларга ечим топилиб, уларнинг фаровон турмуш кечириши учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Бу борада маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр қабулларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири куни кеча “Дўстлик” маҳалласида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими, 1 – сектор раҳбари С.Хамроев ва мутасадди идоралар бошлиқлари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида 26 нафар фуқаролардан мурожаатлари қабул қилиниб, шундан 12 нафар фуқароларнинг мурожаатларига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 8 нафар фуқароларнинг моддий ёрдам, пенсия ва кредит масалалардаги мурожаатлари назоратга олинди.
Мурожаатлар мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак, 18 нафар фуқаро иш масаласида, 6 нафари имтиёзли кредит олиш, 1 нафар фуқаро ногиронлик нафақаси тайинлаш яна 1 нафари моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Жумладан, М.Авезов кўчасидан яшовчи М.Салимова иш масаласида мурожаат қилган, қабул давомида туман Ободонлаштириш бошқармасига, “Наврўз” кўчасида яшовчи У.Шарипова ҳам шу ернинг ўзида 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига ҳамшираликка йўлланма берилган бўлса, “Мустақиллик” кўчасида яшовчи Г.Исмоилова, “Чўл гули” кўчасида яшовчи Х.Чинниқулова “Учқудуқ кичкинтойлари” нодавлат мактабгача таълим ташкилотига бири ёрдамчи тарбиячи иккинчиси ошпаз бўлиб ишга қабул қилинди.
Шунингдек, “Бўстон” кўчасидан Б.Давлатова, “М.Авезов” кўчасидан Г.Ахадова, “Тоғли” кўчасидан И.Алиқуловага ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратишда амалий кўмак кўрсатиладиган бўлди.
Шу куни Учқудуқ туман давлат хизматлари маркази томонидан маҳалла аҳолиси учун сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Ҳа, шу куни “Дўстлик” маҳалласида ўтказилган сайёр қабул кўплаб учқудуқликлар қалбига қувонч, умид ва ишонч бахш этди. Ўнлаб оилаларга бахт ва шодлик кириб борди. Бундай хайрли ишлар эса муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Одамлар ҳаётдан бугун рози бўлиб яшаши керак” деган эзгу тамойилга ҳамоҳангдир.
Райҳон ҚОДИРОВА,
халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзМТДП депутати.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига жўнаб кетди.
Ташрифдан асосий мақсад – аввал қўйилган вазифалар ижросини кўриш, маҳаллалардаги шароитни ўрганиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолардан келиб чиқиб, навбатдаги режаларни белгилаш.
Сафар давомида саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги лойиҳалари, бунёдкорлик ишлари билан танишиш режалаштирилган.
Қизим ўқийдиган университетда Яни АМИТИда дарс берадиган ҳиндистонлик профессор Ўзбекистонда кўпроқ қайси газеталарни ўқишади деб савол берибди. Ҳамма талабалар жим. Ахир бу саволга вазирлар жавоб беролмайдику талаба қайдан билсин. Профессор Ҳиндистонда ҳар куни эрталаб одамларнинг уйига кўплаб газеталар тарқатилади биз нонушта устида газета вароқлаймиз депди. Ҳиндистоннинг кўп аҳолиси зах, ифлос кўчаларда яшайди. Аммо маданият ва тиббиёт соҳасига ҳисса қўшаётганлар ҳам айнан ўша зах кўчаларда яшаётган одамлар ичидан чиқяпди. Гап қандай уй ёки кўчада яшашда эмас экан. Ҳиндистонликлар ифлос кўчада яшашини жирканиб эслаймиз. Ўзимизни эса озода шаҳарда яшаб туриб маънавиятимиз ачиб, йўқ бўлиб бораётганидан хабаримиз йўқ. Газеталарнинг йўқ бўлиши ҳали бизга жуда қимматга тушади.
Нигора Рахмонова
Шавкат Мирзиёев «2021—2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишни имзолади, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги матбуот хизмати.
Ушбу фармойиш билан 2021—2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси концепцияси ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди.
Концепция доирасида:
- аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси ишлаб чиқилади ва унда ижтимоий ҳимоя соҳасида ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг базавий кафолатлари белгиланади, илғор амалиётларда қабул қилингани каби оналикни ҳимоя қилиш ва вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни ижтимоий суғурта тизимига киритиш ҳамда Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш масаласи ўрганилади;
- барча кам таъминланган оилаларни ижтимоий нафақалар билан қамраб олиш мақсадида ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштиришга эътибор қаратилади;
- давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун берилаётган субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш кўзда тутилади. Давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий хизматларни индивидуал ижтимоий мослашув дастурлари орқали тақдим этиш тизими ишлаб чиқилади.
2030 йилгача аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси лойиҳасини тузишда Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТнинг Тараққиёт дастури ва Жаҳон банкининг етакчи мутахассислари иштирок этади.
Фармойишда кўзда тутилган чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда аёллар, эркаклар, шу жумладан, ёшлар ва ногиронларни тўлиқ, фойдали ва муносиб иш билан таъминлашга ёрдам бериши кутилмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш бўйича 2020 йилги қўшма ҳисоботида Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярми ижтимоий ҳимоя билан таъминланмагани қайд этилганди.
АҚШда SARS-CoV-2 вирусининг иккита штамм бирлашиши натижасида ҳосил бўлган гибрид тури аниқланди, дея хабар бермоқда Daily Mail.
Вируснинг янги тури Нью-Мексико штатида жойлашган АҚШнинг Лос-Аламос миллий лабораториясининг доктори Бетт Корбер томонидан кашф этилди. Унинг таъкидлашича, гибрид — «британча» B.1.1.7 ва «америкача» B.1.429 штаммнинг бирлашувидан келиб чиққан.
Ҳозирча мутахассислар вируснинг гибрид тури билан касалланган биргина ҳолатдан хабардор, бундан ташқари, янги турдаги юқумли касаллик ҳақида маълумот йўқ, аммо бу вирус билан касалланган беморлар кўпроқ бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, янги тур, афтидан, «рекомбинация ҳодисаси», яъни вирус юқиши пайтида алоқада бўлган вируслар ўртасида генлар алмашинуви натижасида пайдо бўлган.
Қайд этилишича, илгари гибрид вирусларнинг пайдо бўлиши ҳақида хавотирлар бўлган, аммо мутахассислар бунинг иложи йўқ, деб ҳисоблаган, чунки бунинг учун алоҳида шартлар талаб этилади. Одам бир вақтнинг ўзида иккита штамм билан турли ташувчилар орқали касалланиши мумкин, холос. SARS-CoV-2 вирусининг доминант вариантлари деярли барча ҳудудларда устун бўлганлиги сабабли баъзи олимлар бир вақтнинг ўзида иккита штамм билан касалланиш эҳтимоли жуда кам деб ҳисоблайди.
Таъкидланишича, агар янги вируснинг келиб чиқиши тасдиқланса, у COVID-19 пандемияси пайтида аниқланган биринчи гибрид штаммга айланади.
Бундан аввал Британияда коронавируснинг «хавотирлироқ» тури аниқлангани, дунё бўйича коронавируснинг тарқалиш суръати бир ой давомида деярли икки баробарга камайгани ҳамда Бразилияда бир вақтнинг ўзида коронавируснинг иккита штаммини юқтириб олиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилганди.