LOTIN-КИРИЛЛ

 

    Аҳолини қийнаётган муаммолар халқ ичига чуқур кириб борилгандагина яхши билинади. Айтиш жоизки, Учқудуқ туман ҳокимининг бевосита энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, овулма-овул, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганаётгани ҳам амалий самарасини бермоқда. 

   Бугун туман ҳокими Соли Хамроев “Ифтихор” МФЙ га қарашли “Бохантау” аҳоли яшаш пунктида бўлиб, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганди. Туманнинг электр энергия, газ, ободонлаштириш сингари бир гуруҳ соҳа мутасаддилари ҳам иштирок этган ўрганишлар давомида қўрғонча аҳолиси томонидан бир нечта мурожаатлар, таклифлар билдирилди.

   Жумладан, Малика Юсупова икки нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи билан 1 хонали уйда яшаб келмоқда. Фарзандлари катта бўлиб қолган, ёнидаги бўш турган 1 хонали уйни қўшиб беришларини сўраб мурожаат қилди. “Кончилар” кўчасида яшовчи онахон Жибек Алгибаева оила аъзолари 7 кишидан иборатлиги, ногирон қизи бўлганлиги сабаб, ўғли фарзандлари билан алоҳида яшашни хоҳлашини айтиб, субсидия асосида уй олишга кўмак сўради. Онахоннинг уйидаги мавжуд электр симлари Учқудуқ электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан қайта ўрнатиб бериладиган бўлди.

   Уйма-уй ўрганишлар давомида барча мурожаат эгаларининг масалалари туман раҳбари томонидан назоратга олиниб, масъул мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди ва назоратга олинди.

Шунингдек, туман ободонлаштириш бошқармаси балансидаги бўш турган уйларни аниқлаш, келгусида уй-жойга эҳтиёжи бор оилаларга бериш мақсадида қўрғонча аҳолиси ўртасида хатлов ўтказиш вазифаси маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларига топширилди.

Бундан ташқари, туман раҳбари 7-сонли мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, болаларни эртага 19 январдан муассасага қабул қилишга тайёргарлигини ҳам кўздан кечирди. 

   Халқ билан мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиш, масалаларни жойида бартараф этишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

    Маълумот ўрнида: Ҳозирда “Истиқлол” МФЙ га қарашли “Бохантау” аҳоли яшаш пунктида 112 та хонадонда 525 нафар аҳоли истиқомат қилади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМГЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

   Ҳаёт яралибдики, боғлиқлик тушунчаси мавжуд: Ой ва Қуёш, кун ва тун, давлат ва жамият, ота ва она, қўйинг-чи, бутун борлиқ, наботот олами, металлар дунёси, тил оилалари ва ҳаттоки башарият учун жонсиз саналувчи предметлар ҳам бир-бири билан боғлиқликда яшайди ва ривожланади. Аслида, дунёнинг ёзилмаган, оддий ва қадимий қонунияти ҳам ўзаро алоқадагина юксалиш мавжудлигини асрлар қатига яширмаганида! Ўша қадимий қоида бугун ҳам долзарб. Бугун ҳам ҳаётимизнинг ҳар дақиқаси турли соҳалардаги узвий алоқага асосланган.  

   ХX аср бизга кўплаб кашфиётларини ҳадя қилди. Асримизга келиб, у ихтироларнинг қайсиларидир ўз долзарблигини йўқотди, қайси бирлари аҳамиятини вақтга ҳавола этиб даврини кутмоқда, бироқ, алоқа-коммуникация соҳаси бугун, ҳаттоки, вақтдан ҳам ўзар даражада шиддат билан олдинламоқдаки, қайси касб ё тармоқда фаолият юритмайлик, кундалик ҳаётимиз ва иш-режаларимизнинг бошқарувида инсон ақл-заковатининг маҳсули бўлган коммуникация воситаларининг кўмагига эҳтиёж сезамиз. 

   Шимолий кон бошқармаси нафақат кончилик, металлургия ёки транспорт тизими, балки, турли касб-йўналишлар жамланган юксак илмий-технологик тузилмаларга эга саноат корхонасидир. Бўлинма вилоят марказидан анча олисда жойлашган, қолаверса, корхона таркибидаги завод, кон, транспорт тузилмалари ва бошқа корхоналар ўртасидаги масофалар бир-биридан узоқ, бироқ, олисни яқин қилувчи, вақтни самарали тежовчи, дақиқаларни бўйсундирувчи куч борки, у ҳам бўлса, ахборот-коммуникация технологиялари маркази мутахассислари томонидан бўлинмалар меҳнат фаолиятига тадбиқ этилган замонавий алоқа-коммуникация воситаларидир.  

    Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияси оламининг замонавий дастур ва жиҳозлари билан инновацион тафаккур орқали тил топишаётган ёш мутахассислардан иборат ахборот-коммуникация технологиялари маркази Шимолий кон бошқармаси ташкил этилган пайтда алоқа хизмати сифатида иш бошлаган. 

90-йилларда Учқудуқ туманида “Ўзтелеком” алоқа воситаси ташкил этилгунга қадар, йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида туман аҳолисига шаҳарлараро мулоқот алоқа хизмати томонидан амалга оширилган. Хизмат корхонанинг эҳтиёжи ва давр тақозосига мувофиқ равишда йилдан-йилга ривожланиб, бугунги кунда Шимолий кон бошқармасининг турли тармоқ ва соҳаларини 

ахборот-коммуникацион жиҳатдан кенг қамраб олган муҳим бўлинмага айланди ва фаолияти давомида сўнгги замонавий алоқа воситаларини саноатга жорий этиш, объектлар ва техникаларни назорат қилиш, логистик такомиллашувга эришиш, бир сўз билан айтганда, даврнинг шиддатли инновацион курашида ташкилотнинг янгича ишлаш механизмини жорий қилди. 

“НКМК телекоммуникация тармоқларини техник қайта жиҳозлаш” лойиҳасига мувофиқ, Шимолий кон бошқармасида ахборот-коммуникация технологиялари маркази томонидан бир неча йиллар мобайнида кон бошқарма бўлинмаларида ахборот-коммуникатив технологияларини такомиллаштириш, меҳнат жараёнига замонавий-инновацион услубларда ёндошиш каби масалалар босқичма-босқич амалга оширилди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш кони билан радиорелеъ ва оптик толали алоқа линиялари қурилди. “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш кони ва 3-сонли гидрометаллургия заводи, шунингдек, Учқудуқ саноат майдончаси барча йирик ишлаб чиқариш объектлари билан оптик толали алоқа линияси (ОТАЛ)нинг бунёд этилиши натижасида, бўлинмаларга қатор янги хизматлар турларини жорий этиш имконияти кенгайди. Хусусан, кон бошқарма барча ҳудудларини қамраб олиш учун Навоий кон-металлургия комбинатининг корпоратив локал ҳисоблаш тармоғи билан интеграциялашган глобал локал ҳисоблаш тармоғи қурилди.

Шимолий кон бошқармаси телефон тармоғига IP-телефонларининг тадбиқ этилиши натижасида, бир неча йиллар давомида уяли алоқа воситаларидан фойдаланган “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида жараён ўзгарди, кон бошқармадан марказлашган ҳолда назорат қилиш имкониятини берувчи технологик видеокузатув тизими қурилди. 

    Эндиликда, бошқарма бош мутахассислари, диспетчерлик хизмати масофадан, юзлаб километр узоқликда, ўз иш жойидан “Даугизтау” ва “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конлари каръерларида олиб борилаётган технологик жараённи назорат қилиб боришлари мумкин. 

    Шу йилнинг ўзида радиоалоқа диапозонини кенгайтириш мақсадида, “Шарқий” ва “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конларида 2 дона ретрансляторлар ўрнатилди. 13 600 метр оптик-толали алоқа линиялари қурилиб, марказий моддий-техника базасининг 2-сонли маъмурий биноси, ёқилғи-мойлаш материаллари омбори, 4-сонли АЁҚШ, “Даугизтау” кони 1-сонли назорат ўтказиш пункти, кон ҳудудида жойлашган темир йўллари цехи “Кон станцияси”, 1-сонли автокорхона диспетчерлик бўлими, механик назорати бўлими, 3-сонли гидрометаллургия заводига қарашли “саноат чиқиндиларини сақлаш хўжалиги”, ахборот-коммуникцион технологиялари маркази тасарруфидаги ахборот хизмати ва 1-сонли бирлашган касаба уюшмаси биноси “НКМК” АЖ маҳаллий локал тармоғига уланди, маълумотлар узатмаси тезлиги замонавий стандартлар даражасига етказилди. 4650 метр мис толали алоқа линиялари қурилиб, умумий телекоммуникация линияларининг узунлиги 125 000 метрга етказилди.

   “Даугизтау” ва “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конларига 2 дона замонавий бошқариладиган PTZ русумли видеокузатув камералари ўрнатилиб, камераларнинг умумий сони 16 тага етказилди, бу билан кузатув қамрови кенгайтирилди. 15 дона “GrandStream IP” шлюзларининг ўрнатилиши натижасида, 500 нафар қўшимча телефон абонентларининг уланиш имконияти яратилди. Абонентлар сони 1400 нафарга етказилди. 

   Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кон-қидирув ишлари олиб бориладиган конлар учун симли алоқа доимий ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Бугун ана шу муаммони Шимолий кон бошқармаси ахборот-коммуникацион технологиялари маркази мутахассислари оқилона ҳал этишди. Айнан, кон-қазилма ҳудудлари учун 14 000 метр узунликдаги симсиз алоқа линиялари қурилиб, умумий симсиз алоқа линиялари қамрови 65 000 метрга етказилди. Радиоалоқа қурилмалари сони 265 тага етказилди.

   Бугун шубҳасиз, Шимолий кон бошқармасида рақамли технологиялар даври бошланганини тан олиш керак. IT хизматларининг корхона ахборот-коммуникация технологияларини амалга оширишдаги аҳамияти доимий равишда ўсиб бормоқда ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти фаолиятининг турли соҳаларига жорий этилишда давом этмоқда.  

   Шимолий кон бошқармасида ишлаб чиқариш жараёнларига дастурий таъминотларни тадбиқ этиш орқали самарадорликни ошириш йўналишида биргина 2022 йилнинг ўзида ахборот-коммуникацион технологиялари маркази томонидан 15 дан ортиқ дастурий таъминотлар яратилиб, ишлаб чиқаришга муваффақиятли тадбиқ этилди. 

“Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида кон маъданларини ташишда “Даврий оқим технологиясини назорат қилиш ахборот тизими” жорий этилган бўлиб, кон маъданларини ташишнинг салмоқли қисми ушбу технология ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли технологиянинг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланиб, унинг режадан ташқари тўхтаб қолиши ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсир қилади. Ушбу дастурий таъминотни тадбиқ этиш доирасида даврий оқим технологиясидаги тўхтаб қолишларни ўз вақтида аниқлаш ва тезлик билан бартараф этиш, тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш имконияти яратилди.

   Аслида мутахассислар яратаётган ахборот тизими дастурдан кўра кенгроқ тушунчага эгалиги билан фарқ қилади. Унда захира сақланиши, маълумотларнинг фойдаланувчига етиб боргани ҳақидаги билдиргининг мавжудлиги ҳам иш унумдорлигига сезиларли таъсир кўрасатади. Масалан, 3-сонли гидрометаллургия заводига етказиб берилган кон маъданларининг тегирмонлар ёрдамида майдаланиши ишлаб чиқариш занжирининг асосий ва муҳим қисми ҳисобланади. Тегирмонларда юзага келадиган тўхтаб қолишлар саноат режаларининг бажарилишига салбий таъсир этиб, ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келади. Бу эса тегирмонларнинг узлуксиз ишлашини доимий назорат қилиб боришни талаб этади. Ахборот-коммуникацион технологиялари маркази дастурчилари томонидан яратилган “3-сонли гидрометаллургия заводи тегирмонлари тўхтаб қолишини назорат қилиш ахборот тизими” эса юзага келган тўхтаб қолишлар тўғрисида масъул ходимларга ўз вақтида маълумот етказиш, бу маълумотларни ягона тизимда тўплаш ва уларни таҳлил этиш орқали тегирмонлар ишлашинининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим восита ҳисобланади.  

    “Aвтоағдаргичлар мониторинги ахборот тизими”, “Кон механизмлари мониторинги ахборот тизими”, “Тиббий кўрик ахборот тизими” каби дастурий тизимлар бошқа соҳаларга ҳам тадбиқ этилди. Чунончи, конларда маъданларни ташиш автоағдаргичлар орқали бажарилади. Назорат жараёнини автоматлаштириш ва маълумотларни онлайн тарзда кузатиш мақсадида, “Aвтоағдаргичлар мониторинги ахборот тизими” дастурий таъминоти жорий этилиб, техникаларнинг бажарган иши, меҳнат жараёнида тўхтаб қолиши ва бу каби узилишларнинг ўз вақтида бартараф этилишидек аҳамиятга молик масалалар диспетчерлик хизматлари орқали назорат қилинади. Ушбу дастур конларда логистикани таъминлашда жуда катта кўмачидир. 

   Ахборот-коммуникацион технологиялари маркази мутахассислари томонидан “Кон механизмлари мониторинги ахборот тизими” нинг жорий этилиши транспорт логистикасини янги босқичга олиб чиқди. Маълумки, кон маъданларини юклаш кон механизмлари томонидан амалга оширилади. Бунда кон механизмларига автоағдаргичларни тақсимлаш - кон техникаларидан унумли фойдаланишда муҳим ҳисобланади. Aвтоағдаргичларнинг нотўғри тақсимоти кон механизмларида навбатлар ҳосил бўлишига олиб келарди. Дастурий таъминот ёрдамида кон механизмлари олдидан, жорий вақтда мавжуд бўлган автоағдаргичлар тўғрисида маълумот олиш ва уларнинг йўналишларини қайта тақсимлаш имконияти яратилди. 

    Бундан ташқари, кон механизмининг бажарган иши тўғрисида онлайн маълумот олиш ва муҳим бошқарув қарорларини қабул қилиш мумкин. 

“Тиббий кўрик ахборот тизими” - ишлаб чиқариш жараёни бир неча сменаларда ташкил этилган бўлиб, ҳар бир смена бошланиши ва якунида ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу жараёнда ишчи-ходимлар ва уларнинг тиббий кўрик хулосалари тўғрисидаги маълумотларни расмийлаштириш кўп вақтни ва қўл меҳнатини талаб этади. Ушбу жарёнларни автоматлаштириш орқали қўл меҳнати бартараф этилиб, тиббий кўрик учун сарфланадиган вақтнинг салмоқли даражада қисқартирилишига эришилди. 

    Ахборот-коммуникацион технологиялари вақт билан беллашаётгандек гўё! Ҳар бир мутахассис, ҳар бир ходим унинг беллашувига илм билан мунтазир турмоғи шарт. Давр тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ҳамда, замонавий ахборот технологиялар илмини эгаллашимиз зарур эканини кўрсатмоқда, бу эса юксалишнинг энг қисқа йўлидан яшин мисол тезлик билан бориш имконияти демакдир! 

   Зеро, жаҳон тажрибасини кузата туриб, миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлиги ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши билан узвий боғлиқлигини англаб етдик!.

    Шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида Шимолий кон бошқармасида ҳали бажарилиши кутилаётган масалаларнинг залвори улкан, бу эса ахборот-коммуникацион технологиялари марказининг вақтни бўйсундирувчи мутахассисларига кўплаб янги ғояларни тафаккур этишга ва ўз ўрнида ишлаб чиқаришга жорий этишни тақозо этади. 

Жонибек РАХМАТОВ,

Шимолий кон бошқармаси ахборот-коммуникация технологиялари маркази бошлиғи.

 

 

   Биз бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, эски йилни    кузатиб янги йилга қадам қўйдик. Ҳаммамиз гувоҳмиз, 2022 йил ҳам бутун дунё қатори юртимиз учун ҳам оғир ва мураккаб келди. Пандемия синовлари бизни тарк этмасидан яна дунёнинг турли нуқталарида нотинчликлар давом этди. 

   Мана шундай мураккаб вазиятга қарамасдан, мамлакатимиз иқтисодиётининг драйвери НКМК АЖ жамоаси қатори Шимолий кон бошқармаси ҳар бир ишчи-ходими ўз олдига қўйилган устувор вазифаларни сидқидилдан бажаришга эришди. 

   2022 йилни комбинатимиз раҳбарияти Учқудуқда “Кончилик ишлари йили” деб эълон қилган эди. Бу учқудуқлик кончилар қатори металлургларга ва ҳар бир соҳанинг ўз билимдонларига қўйилган юксак вазифа бўлди. Йил давомида Шимолий кон бошқармаси ишчи-ходимлари фидокорона меҳнати эвазига катта ўзгаришларни амалга ошириш, янги технологияларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида узлуксиз ва тизимли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилиши таъминланди. “Шарқий” ва “Даугизтау” конларида тоғ жинсини қазиб олиш ҳажми 100,8%, сульфидли маъдан қазиб олиш ҳажми 112,1% ва 3-сонли Гидрометаллургия заводига (3-ГМЗ) сульфидли маъдан юклаш ҳажми 102,1 % бажарилди. 

    Йил якунига етмасиданоқ, Шимолий кон бошқармаси комбинат бўлинмалари орасида биринчилардан бўлиб сульфидли маъдан қазиб олиш бўйича йиллик режани ҳамда олтин ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасини муддатидан олдин бажаришга эришди. Албатта бундай пешқадамликни, билдирилган катта ишончни аҳил жамоамиз ҳалол меҳнати билан оқлаб келмоқда. Аслида учқудуқлик кончи ва металлурглар ҳар йўналиш бўйича маррани катта олишган. 

    2022 йилда Ўзбекистон тарихида иш бошлаган дастлабки конлардан бири, "Даугизтау” кони ўзининг 20 ёшли юбилейини нишонлади. Сульфидли олтин маъдан қазиб олиш карьерларининг иккинчи босқичи ишчи лойиҳаси доирасида иш олиб борилиётган “Даугизтау” конининг узунлиги 2735 м эни 1040 м ва 280 метрдан зиёд чуқурликка эга бўлиб, ундан фойдаланиш вақтидан бошлаб 210,5 млн. метр кубдан ортиқ тоғ жинслари қазиб чиқарилиб, таркибида олтин мавжуд маъдан заҳиралари ер бағридан 3- Гидрометаллургия заводига хом ашё сифатида етказиб берилди. Конда 2019-2021 йилларда инвестицион лойиҳалар доирасида замонавий ковшининг ҳажми 5,9 м3 бўлган “HITASHI EX-1200” русумли гидравлик экскаваторлар, Flexi ROC D55 бурғилаш ускуналари ва 91 тонна юк кўтаришга қодир бўлган KOMATSU HD-785-7R карьер автоағдаргичлари ишлаб чиқаришга тадбиқ этилди. 

    Kон ишларини бошқариш сифатини ошириш бўйича, "Шарқий" ва "Даугизтау" конларида диспетчерлик хоналарини замон талабига мос равишда реконструкция қилинди ва янги замонавий интерактив доскалар ўрнатилди. Ўтган йилда “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида рекорд натижа қайд этилди, яъни 33,5 миллион метр кубдан ортиқ кон массаси қазиб олинди ва конда “Даврий узлуксиз технологияси”(ДУТ) мажмуаси магистрал конвейери 200 метрга узайтирилиб жами 1,73 км узунликни ташкил этди. Натижада оғир юк ташувчи автоағдаргичларнинг дизел ёқилғиси, мой маҳсулотлари, автошина ва бошқа турдаги товар-моддий бойликларнинг ортиқча сарфи олди олиниб, 2022 йилнинг 12 ойида 15,5 млрд. сўм тежаб қолинди.

   Кейинги йилларда ШКБ кончи мутахассислари томонидан очиқ кон ишларида 30 дан ортиқ техник қарорлар ишлаб чиқилиб жами 93 млрд. сўмлик харажатлар иқтисод қилинишига эришилди. 

       2022 йил турли меҳнат ғалабалари қатори Шимолий кон бошқармаси кончилари ва механикларининг кўп йиллик изланишлари натижаси, яъни оғир RH 40Е, HITASHI EX-1200 кенг занжир тасмада ҳаракатланувчи гидравлик экскаваторларни ғилдиракли кўчириш қурилмаси амалиётга тадбиқ қилинди. Ўзбекистон кончилиги тарихида биринчи бор ушбу қурулма “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конида ўрнатилган тартибда амалиёт синовидан ўтди. Бунинг натижасида ҳар йили 5 миллиард сўмга яқин пул маблағлар иқтисод қилинади. 

Яна бир катта ҳажмдаги иш – ЭКГ-5А №35, ЭКГ-10 №26, ЭКГ-8И №38, ЭКГ-5А №16 экскаваторларининг гидравлика генератор-двигатель тизимидан транзисторли ўзгартиргич-двигатель тизимига модернизация қилиш орқали қўшимча электр энергияси истеъмолини камайтиришга эришилди. Бунинг натижасида ҳар бир экскаватор 1 метр куб тоғ жинсини юклаш учун сарфлайдиган электр энергияси сарфини 30 фоизга тежалишига эришилди.

 3-ГМЗ учун 2022 йил сермаҳсул йил бўлди десак муболаға бўлмайди. Завод ишчи ходимларнинг тинимсиз изланишлари ва дадил саъй ҳаракатлари туфайли сульфид маъданларни қайта ишлаш режаси 102,4%га бажарилиб, ушбу кўрсаткичнинг 2021 йилга нисбатан ўсиш суръати 103,0%ни ташкил этди, олтин ишлаб чиқариш режаси эса 102,8%га бажарилди ва ушбу кўрсаткичнинг ўсиш суръати 2021 йилда эришилган натижага нисбатан 104,4%ни ташкил этди. Белгиланган режанинг муддатидан олдин бажарилиши, якунланган 2022 йилда 3-ГМЗда амалга оширилган чора-тадбирлар маҳсулидир.

Жумладан, 2022 йилда майдалаш цехининг 1-босқичида таснифлаш жараёнининг кўрсаткичларини ўзгартириш, кунлик сульфид маъданларни қайта ишлаш ҳажмини 2,0%га оширишга ва ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулот миқдорининг ошишига замин яратди. 

Бундан ташқари, куйдириш цехида куйдирилган маҳсулотни кислота билан ишлов бериш тизимининг рН ва ҳарорат кўрсаткичлари такомиллаштирилиши, натижада куйдирилган маҳсулотдан олтинни ажратиб олиш даражаси 3,0% га оширилишига эришилди. Биооксидлаш жараёнининг унумдорлигини ва технологик кўрсатгичларини барқарорлаштириш мақсадида мавжуд сув совутиш минорасининг бир қисми қайта реконструкция қилиниб ишга туширилди. Ушбу технологик ечим ўз самарасини кўрсатди ва ҳозирги кунда ушбу миноранинг қолган икки қисмини қайта реконструкция қилиш бўйича лойиҳалаш ишлари амалга оширилмоқда. 

  Олтинсизлантирилган фаоллаштирилган кўмирни қайта технологик жараёнда қўллашдан олдин унинг кичик ғовакчаларига ўрнашиб қолган тузлардан тозалаш мақсадида махсус реактивация печларда тикланиш жараёнидан ўтказилади. Реактивация жараёнининг самарасини янада ошириш мақсадида мавжуд икки дона эски турдаги печлар реконструкция қилинди ва фаоллаштирилган кўмирнинг тикланиш жараёни яхшиланишига эришилди.  

Якунланган йил сўнгида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилига туҳфа сифатида 3- ГМЗ нинг “Сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулот цехи” ва “Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи” нинг ишчи ходимларига қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, Хорижий сармоялар манзилли дастурига асосан, завод ҳудудида бўш турган бино 1 млрд. 700 млн. сўм эвазига Зарафшон қурилиш бошқармаси томонидан қайта реконструкция қилиниб, шинам ва замонавий маъмурий бино фойдаланишга топширилди.

2022 йилда Шимолий кон бошқармасининг кон жиҳозларини таъмирлаш цехи ўзининг 60 ёшли юбилейини тантанали нишонлади. Бугунги кунда кон жиҳозларни таъмирлаш цехи ишлаб чиқариш узлуксизлиги ҳамда, механизмларнинг бир маромда ишлаши учун эҳтиёт қисмларини тайёрлаш ва таъмирлаш билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шимолий кон бошқармаси ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш орқали бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда импорт ҳажмини пасайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар цехда амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор, кон-металлургия соҳаси ишлаб чиқариш жараёнларига берилган рационализаторлик таклифлари ҳамда инновацион изланишларни тадбиқ этишга қаратилган. 

Кон жиҳозларини таъмирлаш цехи томонидан 2022 йилда жами 65 млрд. 461 млн. сўмлик 115 229 дона маҳсулотлар таъмирлаб берилди. Шундан 2022 йил давомида импорт ўрнини босувчи ва маҳаллийлаштириш дастуридан 1 млрд.610 млн сўмлик маҳсулотлар тайёрланди, 2023 йил учун 3 млрд. 561 млн сўмлик лойиҳа дастури ишлаб чиқилди ва ҳозирги кунда ушбу ишлар амалга оширилмоқда.   

 Ишлаб чиқариш корхоналарида истиқболли энергия самарадорлигига эришиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бугун давлатимиз раҳбарининг ҳам талаби бўлмоқда. Шимолий кон бошқармаси комбинат миқёсида сув ресурслари, табиий газ истеъмоли ҳажмлари бўйича кон бошқармалари ичида йирик истеъмолчилардан бири ҳисобланади. 2022 йил ҳисобида ШКБ томонидан бўлинмалар учун режалаштирилган сув ресурсларини 1,603 млн.м3 ҳажмдаги ичимлик сувини иқтисод қилиш ҳисобига 12,2 млрд. сўм, 2,03 млн.м3 техник сувни иқтисод қилиш ҳисобидан 10,6 млрд. сўм, шунингдек, “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасидан олиниши режалаштирилган ичимлик сувидан 112,8 минг.м3 тежалиши ҳисобига 2,7 млрд. сўм ва 2968 г.кал иссиқлик энергияси тежалиб, 2,4 млрд. сўмлик маблағ иқтисод қилишга эришилди. Ушбу рақамлар ортида, эса 2022 йилда ўзининг 60 йиллик юбилейини нишонлаган иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава суви цехи тажрибали мутахассисларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнати турибди. 

Шимолий кон бошқармасида 2022 йил давомида 1 603 128 кВт электр энергия тежалди ва 135 дона қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари бўлинмаларда ўрнатилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили бўлган энергетика тизимини модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш, муқобил манбалардан кенгроқ фойдаланиш борасида бир қатор ишларни амалга ошириш бўйича дастур тузилди.

Шимолий кон бошқармасининг ишлаб чиқариш бўлинмаларига 2023 йил давомида 739 дона қуёш сув иситгичларини ўрнатиш режалаштирилган. Бугунги кунда ИСГТваОСЦга қарашли темир йўл цехи қозонхонасига 490 дона, 1-сонли автокорхонага 60 дона, КЖТЦга 90 дона сув иситгичлар ўрнатиш ишлари бошланди. Бу нафақат тежамкорлик балки ишчи-ходимлар учун муносиб иш шароитларининг яратилишига ҳам имкон яратади.

    Юксак марралар учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган янги Ўзбекистонда янгича тафаккур ва янгича шижоат билан меҳнат қилишни тақозо этмоқда. Ана шундай меҳнат қилаётганларнинг пешона териси муносиб баҳоланаётганлиги бизни доим қувонтиради. 

    Энг қувонарлиси ўтган йил 8 март арафасида республикамизда кўплаб хотин-қизлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конининг “Занжирли кон экскаваторлари ҳамда бурғулаш ускуналарини таъмирлаш ва йиғиш бўлинмаси” кран машинисти Башорат Турсунова “Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди. Йил сўнгида 3-сонли ГМЗ цех устаси- Гулжамила Турганбаева “Йил аёли” миллий танловнинг Республика босқичида “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” йўналишида ғолиб, деб топилди. 

   Ҳурматли Юртбошимизнинг доно сиёсати туфайли халқимиз қатори учқудуқликлар ҳам тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ишчи-ходимларимиз орзу ниятларига етишиш учун юрт истиқболи йўлида ана шундай фидокорона меҳнат қилмоқда. Фарзанд ва невараларини тарбиялаб камолини кўрмоқда. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

 

Шимолий кон бошқармаси ахборот хизмати

 

    Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 21 майда қабул қилинган
“Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги
қонунига мувофиқ

    Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.
Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.
     Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.
Энергия етказиб берувчи ташкилот томонидан берилган амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотнома имтиёзларни бериш учун асос бўлади.

Учқудуқ туман адлия бўлими томонидан тайёрланди.

  14 январь - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни!

  ВАТАН –УЛУҒ, БУРЧ МУҚАДДАС!!

  Учқудуқ туманидаги 99818 –сонли ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

   “Маънавият маркази” фаоллар залида ўтказилган тантанали байрам тадбирида 99818 – сонли ҳарбий қисм командири подполковник Намоз Исломов йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Мудофаа вазирининг байрам табригида қайд этилганидек, халқимиз ўзининг ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади.

Шунингдек, байрам тадбирида Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий армиямизни тубдан такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар энг аввало, ватанимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади. Яқинда капитал таъмирдан чиқарилган ҳарбий қисм штаби учун телевизор совғага берилди.

Эътиборлиси, 99818 –сонли ҳарбий қисмда 1 млрд. 300 млн. сўм маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ҳарбий хизматчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда “Ёшлар хиёбони”, “Маърифат боғи”, музей, кутубхона ташкил этилган. Халқимизнинг ҳарбий соҳадаги бой меросидан ҳикоя қилувчи Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур синфлари фаолият юритмоқда. 

Бундан ташқари, Шимолий кон бошқармаси ҳомийлигида ҳарбий қисм спорт зали, маърифат марказида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Байрам муносабати билан ташкил этилган “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида ўтказилган маърифий тадбирда ҳарбийлар ўз иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этиб, куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Айниқса, “Учқудуқ” жамоаси томонидан саҳналаштирилган ҳазил-мутойибага бой саҳна кўринишлари тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

– Дунёда касблар кўп, – дейди ҳарбий қисм командир ўринбосари, подполковник Ғофуржон Уразбаев. – Лекин улар ичида энг улуғи ва шарафлиси бу – Ватанни ҳимоя қиладиган соҳа вакиллари, яъни, ҳарбий хизматчилардир. Туну кун юрт хавфсизлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиб келишмоқда. Уларга елкадош бўлиш эса ҳар биримизнинг бурчимиз саналади. Зеро, сарҳадларимиз мустаҳкам, кўнглимиз хотиржам!.

   Тадбирда ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг бир гуруҳига қисм командирининг фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди.

   “Учқудуқ” маданият уйи бадиий жамоалари ижросида концерт дастури намойиш этилди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

 

 

IMG 20230201 114737 162

 

4. Туман бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 

3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ажратма меъёрлари бўйича туман маҳаллий бюджетининг тақсимотини ўрнатилган тартибда туман ғазначилик бўлинмаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

5. 2023 йил учун туман бюджет даромадлари ва харажатлари прогнозлари 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

6. Туман маҳаллий бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъи назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги Қонунда белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

7. 2023 йил учун туманнинг туман бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 1 039,4 млн. сўм миқдорида белгилансин.

Туман маҳаллий бюджетини ижро этишда юқори турувчи бюджетдан уларга ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг прогнозидан ошган қисми учун тегишли бюджетларининг захира жамғармалар миқдорларига аниқлаштириш киритилмайди.

Туман бюджетининг захира жамғармалари маблағларини бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.

8. 2023 йил учун туман маҳаллий бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 532,1 млн. сўмни ҳамда туман бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 6-иловага мувофиқ белгилансин.

9. 2023 йилда халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилганлиги инобатга олинсин.

Шунингдек, 2023 йилда қуйидаги солиқ турлари:

а) туман маҳаллий бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилади: 

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тегишли ажратма қилинган қисми;

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғининг тегишли ажратма қилинган қисми;

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни ижарага беришдан оладиган йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво учун акциз солиғидан тушумлар 2023 йил 

кўра туман аҳолисининг улушига мувофиқ. 

б) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи вилоят бюджети ҳамда туман маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимланади.

10. Туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги фармойишлари тегишли равишда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан туман ҳокимлигининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида қабул қилинади.

туман ҳокими фавқулодда вазиятларда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарор ва фармойишларни қабул қилади.

11. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.

12. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Д.Шакаров), молия бўлими (Ж.Бобомуродов), давлат солиқ инспекцияси (А.Усмонов), масъул корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:

тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;

маҳаллий бюджетипрогноз кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажариш;.

бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш;

тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш;

бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.

13. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усмонов) тегишли масъуллар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси “Солиқ кодекси”да белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб:

солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини кучайтириш;

ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;

айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш; 

бунда, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида фуқароларга харид чекини талаб қилиб олишни тарғиб этувчи ижтимоий роликлар ҳамда видео материаллар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш;

хатлов ишларини самарали ташкил этиш орқали ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш вазифаси юклатилсин.

14. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усмонов), кадастр бўлими (О.Ёрқулов) 2023 йилдан бошлаб юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулклар қийматидан келиб чиқиб, туманда мавжуд солиқ тўловчиларнинг мол-мулклари майдонларини чуқур таҳлил этган ҳолда ушбу мол-мулкларга нисбатан солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминласин.

15. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усмонов), тегишли масъул ташкилотлар билан биргаликда:

норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида ноқонуний фаолият олиб бораётган карерларни аниқлаш бўйича хатловлар ўтказиш; 

хатлов натижалари бўйича аниқланган ноқонуний фаолият олиб бораётган каръерлар фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда уларни солиқ базасига қамраб олиш;

норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида фаолият олиб бораётган каръерлар томонидан қазиб олинаётган норуда қурилиш материаллар ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.Бунда, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган карерларнинг қазиб олиш ҳажмларини доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда зарур ҳолларда қазиб олиш ҳажмларини аниқлашда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан “маркшейдрлик” хизматларидан фойдаланиш лозимлиги алоҳида белгилаб қўйилсин. 

16. Мажбурий ижро бюроси Учқудуқ туман бўлими,туман давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсин ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин. 

17. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қуватлаш бўлими (У.Худойқулов), тегишли масъуллар билан биргаликда жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари бўйича жорий ҳисобланган солиқларни ҳамда ушбу солиқлардан мавжуд солиқ қарздорликларини ундириш юзасидан солиқ органларига амалий ёрдам кўрсатсин.

 18. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Д. Шакаров), давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси билан биргаликда:

бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича хатлов ишларини самарали ташкил этиш;

хатлов натижаларига кўра туманда мавжуд бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш;

шакллантирилган рўйхатга асосан бўш турган давлат мулки объектларини ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш;

бўш турган давлат мулки объектларини ижарага бериш ёки сотиш бўйича ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида роликлар ва 

видеоматериаллар тайёрлаш;

хусусийлаштирилиши мўлжалланган бўш турган давлат мулки объектларини «е-ijro auction» майдончаси орқали сотиш ишларини ташкиллаштириш вазифаси юклатилсин.

 19. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усмонов), туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари билан биргаликда туманда фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналарга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.

Бунда, қишоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресуслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.

20. Молия бўлими (Ж. Бобомуродов) вабошқа тегишли корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:

бюджет интизомига қатъий риоя этилиши устидан доимий мониторинг ишларини кучайтирсин;

бюджет интизомини бузиш ҳолатлари бўйича ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари туман Кенгашга ахборот киритиб борсин;

ўтказилган назорат тадбирлари якуни бўйича камомад ва ноқонуний ўзлаштиришга йўл қўйган соҳа раҳбарларининг ҳисоботи ҳар чоракда эшитиб борилсин. 

21. Қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириб борсин;

туман маҳаллий бюджети жами харажатларининг 6,0 млрдсўми ҳамда шаклланган қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштириш учун “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га йўналтирилсин.

Бунда, туман халқ депутатлари, Ёшлар ишлар агентлиги, туман ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари ҳамда янги жорий этилган ҳоким ёрдамчилари бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида аҳолига кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга масъул этиб белгилансин;

маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ўрнатилган тартибда тегишли ҳокимлик расмий веб-сайтларига жойлаштириб борилсин.

22. Туман ҳокимлиги мазкур тегишли қонун ва қарорларга асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини тегишлилилиги бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига тақдим этиб борсин.

23. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Д.Шакаров), молия бўлими (Ж.Бобомуродов) ватуман давлат солиқ инспекцияси (А.Усмонов)лар бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш учун тегишлилиги бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига маълумот киритиб борилсин.

24. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усмонов) Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.

25. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари-матбуот котиби (Р.Қодирова), “UCHQUDUQ” газетаси таҳририятига:

мазкур қарор “UCHQUDUQ” газетасида расмий эълон қилиш ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш тавсия этилсин.

26. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

27. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Д.Шакаров) ва халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (О.Хикматов) зиммасига юклатилсин.

IMG 20230201 114741 085

 

 

 

      Кексаларни ҳурмат қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятимизнинг ўзига хос юксак маънавий ва маданий белгисидир. Ўзбек халқига азалдан хос бўлган бундай юксак фазилатлар мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

   Бу борада кексалар ва ногиронларни манзилли ҳимоя қилишга қаратилган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинганлиги фикримизнинг далилидир. Учқудуқ туманида 53 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар рўйхатга олинган. Уларга тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимининг 7 нафар ходими манзилли кўмак кўрсатиб келишмоқда. 

   Йил давомида туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда № 2-тиббий-санитария қисми тиббиёт ходимлари томонидан хонадонларига борган ҳолда тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижаларига кўра, уларнинг 23 нафари стационар шароитида даволанган. 10 млн. 88 минг сўм миқдорида бепул дори-дармон билан таъминланган. 5 нафарига агентлик тизимидаги сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилган. Яна 58 нафар биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ёшга доир пенсионерлар агентлик тизимидаги сиҳатгоҳларга йўлланмалар билан таъминланган.

   Учқудуқ кексаларига ҳар томонлама ҳам тиббий ҳам моддий кўрсатилаётган кўмак ва эътибор улар учун катта маънавий-руҳий мададдир. Маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари, корхона-ташкилотлар ҳамда саховатпеша тадбиркорлар томонидан йил давомида 43 млн. 230 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳомийлик асосида берилган. “Шалхар” овулида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони, якка-ёлғиз Оразбай Нурахановнинг уй-жой таъмири учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 15 млн. сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

   36 нафари реабилитация техник воситалари ва протез ортопед маҳсулотлари билан таъминланган. Шунингдек, 13 нафар биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларга овозли танометр, 1 нафар биринчи гуруҳ ногиронига овозли термометр берилган.

    Бундан ташқари, муҳтож якка-ёлғиз ногиронлар ногиронлик аравачалари, юриш ҳамда эшитиш мосламалари билан мунтазам таъминланмоқда.

    Якка-ёлғиз ногиронлиги бўлган фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади.

Навбаҳор ПИРНАЗАРОВА, 

Учқудуқ туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими инспектори.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: